Қозоғистон Афғонистонда буғдой етиштиришга ёрдам беради. Озиқ-овқат хавфсизлиги ислом ташкилоти республикамиз ёрдамида ва Туркия билан ҳамкорликда мамлакатнинг ғарбий қисмида тегишли лойиҳани ишга туширди. Дастур ўтган йили кучли зилзиладан зарар кўрган Ҳирот вилоятига ёрдам беришга қаратилган. Унинг доирасида 300 нафар маҳаллий фермерга уруғлик,техника берилади, ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади. Шу жумладан, қурғоқчиликдан азият чекаётган минтақага юқори сифатли буғдой навларидан 15 тонна уруғлик, ўнлаб тонна ўғит етказиб берилди. Шунингдек, турли тракторлар, комбайнлар, плуглар ва бошқа техника етказиб берилди. Афғонистонлик қардошларга бериладиган ёрдам чоралари бу билан чекланмайди. Зироатчиларга қишлоқ хўжалигидаги илғор усулларни ўқитиш дастури ҳам тайёрланган.
Хусрав Нозирий, Озиқ-овқат хавфсизлиги ислом ташкилоти бош директори ўринбосари:
– Биз афғон фермерларга сараланган уруғликдан қандай фойдаланиш кераклигини ўргатамиз. Шунингдек, қишлоқ хўжалик техникаси ва ўғитларни самарали шаклда ишлатишни кўрсатиб берамиз. Кейинчалик ўзлари қишлоқ хўжалик экинлари, шу жумладан, уларнинг асосий озиқ-овқат маҳсулоти бўлган буғдой маҳсулдорлигини оширишлари учун уларга имкониятлар яратиш ҳақида ўйлаяпмиз. Яна бир кўзда тутилган жиҳат: ўрим-йиғим вақтида йўқотишларни камайтириш бўйича иш олиб борилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.