Қозоғистон-Ўзбекистон Олий давлатлараро кенгаши тузилади

Қозоғистон-Ўзбекистон Олий давлатлараро кенгаши тузилади

Қозоғистон ва Ўзбекистон Олий давлатлараро кенгаш тузади. Унга икки давлат раҳбарлари бошчилик қилади, ташқи ишлар вазирлари кенгаши фаолиятни мувофиқлаштиради. Ушбу орган икки давлат ўртасидаги стратегик йўналишларни белгилайди ва ўзаро манфаатли бўлган масалаларни кўриб чиқади. Қозоғистон Парламенти Ўзбекистон билан иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилди. Шунингдек, ҳужжат халқаро саҳнадаги ўзаро шерикликни мустаҳкамлашни ҳам кўзда тутади. Бундан ташқари, унда трансчегаравий сув захираларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш, экологик ва озиқ-овқат хавфсизлигига оид ўта долзарб масалалар ўз аксини топган. Умуман, келишув республикалар ўртасида икки тарафлама ҳамкорликнинг бор салоҳиятини амалга оширишга йўналтирилган.

Алишер Сатвалдиев, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати депутати: 

– Шартнома сиёсий, савдо-иқтисодий, транзит-транспорт, энергетика, маданий-гуманитар, фуқаро мудофааси каби соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтирилган. Тарафлар, келишувдаги шартларга асосланган ҳолда, иккала давлат парламентлари, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга ҳаракат қилади.

МДҲ давлатлари биологик таҳдидларга қарши – биргаликда

Бундан ташқари, Сенат депутатлари пленар йиғилишда МДҲга аъзо давлатларнинг ижтимоий соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувини ҳам ратификация қилди. Ҳужжат биологик таҳдидларга қарши ҳаракатланишда жамоавий тизимни равнақ топтиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган. Шартнома қоидалари МДҲ давлатларига фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ёрдам бериш йўл-йўриқларини тартибга солади. Шу билан бирга, эпидемияга қарши ихтисослашган бригадалар тузишни кўзда тутади. Улар сўраган томон давлатининг тиббиёт ташкилотларига маслаҳат,  услубий ва амалий ёрдам кўрсатади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.