Таниқли журналист Нуртилеу Иманғалиули вафот этди

Таниқли журналист Нуртилеу Иманғалиули вафот этди

Телевидение оғир йўқотишга учради. Таниқли қозоғистонлик журналист Нуртилеу Иманғалиули 70 ёшида вафот этди. Узоқ йиллар давомида экрандан тушмаган бошловчи миллионлаб юртдошларимиз меҳрини, олқишини қозонган эди, ўз ҳаётининг 45 йилини журналистикага бахш этганди. Афсонавий ижодкорни бугун  дўстлари ва ҳамкасблари илиқ хотиралар билан тилга олади, бир овоздан «У чинакам афсона эди!» дейди.


ЗЕЙН АЛИПБЕК, «ХАБАР» ТЕЛЕКАНАЛИ ЯНГИЛИКЛАР БОШЛОВЧИСИ:

- Телевидение журналистларининг бутун бир гуруҳи, ҳатто бутун бир авлоди Нуртилеу оғани ўз устози деб билади. Ўзимни ҳам улар сирасига қўшаман. Четдан қараганда, жуда қаттиққўл бўлиб кўрингани билан у қалбан жуда мулойим,  раҳмдил инсон эди.

Нуртилеу Иманғалиули 1952 йилнинг 1 майида Алмати вилоятининг Ақсу туманида туғилган. У оддий журналистликдан турли ташкилотларда раҳбарликка қадар бўлган йўлни босиб ўтди. «Ёшлар овози», «Арай», «Юзма-юз», «Қонун гапирсин», «Nur-Tiley» сингари кўплаб машҳур телелойиҳалар муаллифи эди. «Хабар» агентлигида турли йилларда шарҳловчи, бош муҳаррир, директор ўринбосари ва модератор-бошловчи бўлиб ишлаган. Ҳукумат аппаратида, Президент маъмуриятида масъул вазифада меҳнат қилган, Қозоғистон телерадиокорпорациясини бошқарган.

АМАНГЕЛДИ СЕЙТХАН, ЖУРНАЛИСТ, СПОРТ ШАРҲЛОВЧИСИ: 

- Эслашимча, Қозоғистон телевидениеси тарихида ўз ишига, касбига Нуртилеу оғачалик садоқатли бўлган одам йўқ. Ҳаётлигида ҳамиша айтардики, телевидение - унинг ҳавоси. У доимо телестудиялар ичида ҳукм сурадиган ўзига хос атмосферасиз яшай олмаслигини айтарди. Ҳар бир лойиҳага алоҳида ғайрат ва ҳаяжон билан ёндашарди, мен сира у ўз ишига бефарқ бўлганини кўрмаганман. У севимли телетомошабини қалбига қандай йўл топишни биларди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев журналистика фахрийси оиласига телеграмма йўллаб, ҳамдардлик билдирди. «Нуртилеу Иманғалиули телевидение соҳасида ўз изини қолдирди. У кўп йиллар мобайнида баракали меҳнат қилди ва халқимизнинг маънавий-маданий бойлиги ривожига улкан ҳисса қўшди. Руҳи тинч бўлсин дейилади телеграммада.