Тадбиркорлар учун грантлар

Тадбиркорлар учун грантлар

Шимолий Қозоғистон вилоятида бизнес-ғояларни рўёбга чиқариш учун 650 та қайтарилмайдиган грант ажратилади. Бу эса янги иш ўринлари яратилади, дегани. Асемгул Ташметова бошловчи тадбиркорлар учун давлат ёрдами қанчалик муҳим эканлигини яхши тушунади. У имтиёзли кредитдан фойдаланиб, ўзи учун ателье очди. Бино ижарага олди, зарур ускуналар харид қилди. Келажакда ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқчи. Бошловчи тадбиркор «Бизнес йўл харитаси» бўйича грант ютиш ниятида.

Асемгул Ташметова, тадбиркор:

- «Бастау»да ўқидим, сертификат беришди, бизнес-режа ёздим, сўнгра 6 фоизли имтиёзли кредит олдим.

Мағжан Жумабаев номли туман аҳолисининг 400 нафари давлатдан қайтарилмайдиган молиявий ёрдам олди. Бу иш келгусида тадбиркорликни ривожлантириш миллий лойиҳаси доирасида давом эттирилади. Грант миқдори икки марта, 200 дан 400 ойлик ҳисоб кўрсаткичигача оширилган.

Ғабит Сақтаганов, туман бандлик маркази директори:

– Ҳозирча жорий йилда 46 та грант кўзда тутилган. Улар янада кўпайиши мумкин. Грантлар биринчи навбатда бериладиган аҳоли тоифалари мавжуд. Бу гуруҳга 29 ёшгача бўлган ёшлар, манзилли ижтимоий ёрдам олаётган кам таъминланган оилалар, кўпболали ва ногирон болалари бор оилалар, шунингдек, кўчиб келиш дастури қатнашчилари киради. 

Абдумалик Сарманов таржимаси