2022 йилнинг 8 ойи давомида Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида товар айланмаси 26 миллиард долларни ташкил қилган. 30 йил ичида эса юртимиз иқтисодиётига 160 миллиард доллардан зиёд инвестиция жалб этилган. Бу ҳақда Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамда Шарль Мишель учрашувида маълум қилинди. Тарафлар инвестициявий салоҳиятни оширишга келишиб олди. Эслатамиз, Европа Кенгаши президенти расмий ташриф билан Қозоғистонда бўлди.
Энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, «яшил» иқтисодиёт, транспорт ва логистикани ривожлантириш. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Европа Кенгаши президенти шу масалаларни муҳокама қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, ушбу соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликка ижобий баҳо берилган. Томонлар ўзаро манфаатли шерикликни оширишни давом эттиришга келишиб олди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Энг аввало, биз Қозоғистон ва ЕИ ўртасида муҳим турдаги хом ашё транспортировкаси ва «яшил» энергетика каби йўналишлардаги ҳамкорлик салоҳиятини ҳисобга олдик. Бундан ташқари, товар етказиб беришнинг глобал занжирини таъминлаш мақсадида халқаро транспорт йўналишларини ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Бу, айниқса, ҳозирги геосиёсий шароитда долзарб. Шунингдек, биз Европа Иттифоқининг Транскаспий халқаро транспорт йўналишидан фойдаланиш имкониятларини ҳам кўриб чиқдик.
Таъкидлаш керак, Европа Иттифоқи учун Қозоғистон ҳамиша Марказий Осиёдаги йўлак сифатида манфаатли бўлган. Ҳозирги геосиёсий вазиятда эса юртимиз транспорт хаби сифатида ҳам эътиборни тортади.
Шарль Мишель, Европа кенгаши президенти:
– Биз илк маротаба Брюсселда учрашганмиз, шундан буён яқин алоқаларни сақлаб келмоқдамиз ва турли соҳаларда иш олиб бориляпти. Минтақавий даражада биргаликда фаолият юритиш муҳимлигини таъкидламоқчиман. Ҳамкорлигимизга оид долзарб, хусусан, иқлим ўгаришлари борасидаги масалаларни муҳокама қилиш учун Сиз билан учрашганимдан мамнунман.
Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Шарль Мишелга Манғистау вилоятида «яшил» водород ишлаб чиқариш ва тарқатиш марказини барпо этиш лойиҳаси тақдим этилди. Европа Иттифоқи ушбу минтақада шамол ва қуёш электр станциясини қуришни режа қилган. Германия ва Қозоғистон оий ўқув юртлари ўртасида кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари, Манғистау вилоятида инвесторлар маблағи эвазига инфратузилма яратилиши ва вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ижтимоий мажбуриятларни қоплаш мўлжалланган.