Экинзорлар ҳосилдорлигини қандай қилиб 50 фоизга ошириш мумкин? Қозоқ агротехника университети олимлари буни яхши билади. Улар аниқ деҳқончиликка оид шов-шувли лойиҳа ишлаб чиқди. Юмшатувчи ўғитлагич мамлакатимиз фермерлари учун яхшигина топилма бўлиши мумкин. Давлат ёрдами туфайли 2018 йилда «Фан жамғармаси» орқали кашфиётчилар 240 миллион тенге миқдорида грант олган. Бу маблағга ускуналар харид қилинди ва ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Саяхат Нукешев, лойиҳа раҳбари:
- Сакен Сейфуллин номли қозоқ агротехника университети аниқ деҳқончилик элементларини жорий этиш учун илмий-услубий марказ сифатида тавсия этилди. Агросаноатни рақамлаштириш доирасида. Шу йил апрелда биз Шимолий ва Марказий Қозоғистондаги 9 та пилот хўжалик ерларидан намуна олдик. Минтақаларда дон етиштирилади. Маълум бўлишича, далаларнинг 90 фоиизида азот, фосфор етишмайди. Шунингдек, зичлик юқори эканлиги аниқланди. Фермерлар таклифи билан ғоямизни ривожлантирдик ва юмшатувчи ўғитлагич тайёрланди.
Ишланма муаллифлари айтишича, бу техника ёрдамида бир кунда 50 гектар ерга ишлов бериш мумкин. Маҳаллий заминга хос бўлган ўғит камлиги, зичлик юқорилиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти сифати пастлиги каби камчиликларни янги ускуна осонгина бартараф этади. Қўшни мамлакатлар зироатчилари ҳам бу ускунага қизиқиш билдиряпти.
Саяхат Нукешев, лойиҳа раҳбари:
- Талаб бор. Асосий вазифа – ички бозорни тўлдириш. Бўш ётган ер бўлса, бир марта асосий дозани бергач, 4-5 йилгача ўғитлаш шарт эмас. Яъни ўғит анча тежалади. Шунингдек, ўғитни заруратга кўра тақсимлаш, заминга чуқур ишлов бериш ва бошқалар туфайли 50 фоизгача кам харажат қилиш имконияти туғилади.
Қайрат Айтуғанов, Сакен Сейфуллин номли Қозоқ агротехника университети бошқаруви раиси:
- 2019 йилда биз Қарағанди вилоятининг Осакаровский туманида гектаридан 50 центнер ҳосил олдик. Бу Қозоғистон учун тарихий рекорд. Жорий йилда, қурғоқчилик бўлганига қарамай, ускунамиз билан ишлов берилган далалар атрофидагиларга нисбатан 2-3 центнер кўп ҳосил берди.
Олимлар айтишича, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий лойиҳаларни тижоратлаштиришга давлат катта эътибор беряпти. Шу тариқа, қозоғистонлик ишланма муаллифлари мамлакат тараққиётига катта улуш қўшмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси