Тарихга чуқурроқ шўнғиш ва археологияни батафсил ўрганиш. Павлодарда тўқсонинчи йилларда йўқолиб кетган археология мактаби қайта тикланди. Мактаб ўқувчилари ўтмиш сирларини ўргатувчи, маданий меросни ўрганишда янги қирраларини очиб берувчи машғулотларда қатнашмоқда. Айни пайтда, ўқувчилар фақат назария билангина чекланмайди. Минтақанинг машҳур археологлари раҳбарлигида улар экспедицияларда ҳам иштирок этади.
Казбек Кендиров, ўқувчи:
- Келажакда тарих билан профессионал даражада шуғулланишни истайман. Археологияга доир кўплаб китоблар ёзишни орзу қиламан. Бу фан менга жуда ёқади. Унда қизиқарли, ўрганилмаган жиҳатлар кўп.
Ульяна Забродина, ўқувчи:
- Келажакда ўз музейимни очиш учун кўҳна қазув жойларида бўлишни жуда истайман. Менга эски буюмлар ёқади, уларни кўришни, қўлимда тутишни хоҳлардим.
Иртишбўйидаги қадимги манзилгоҳлардан бири Аққўли туманидаги Бўрли кўли ёнида жойлашган. Унинг ёшини тарихчилар тахминан 6,5 минг йилга тенг, деб билади. Олимлар фаразига кўра, олис ўтмишда бу ерда чорвадорлар яшаган. Болалар археологик экспедиция учун айни шу масканга келади. Дарвоқе, кўҳна кўчманчининг консервация қилинган дафнгоҳи ҳам шу жойда.
Виктор Мерц, археолог:
- Ишимиз асосан неолит даври билан боғлиқ. Сўнгроқ бронза даврига ўтамиз. Ҳаммаси шу, йўл-йўлакай, табиийки, бошқалари ҳам бўлади, нима учраса, тадқиқ қиламиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси