Сут зардобидан - шифобахш ичимлик

Сут зардобидан - шифобахш ичимлик

Қозоғистонлик олимлар сут зардобидан шифобахш ичимлик тайёрлаш технологиясини йўлга қўйди. Экомаҳсулот таркибида сунъий кимёвий қўшилмалар йўқ. Уни тайёрлаш учун сут заводлари чиқиндисидан фойдаланилади. Бундай корхоналар эса 200 дан кўпроқ. Уларнинг ҳар бири камида 7 тонна зардоб бера олади. Зардоб хавфли микроорганизмлардан тозаланади ва унга лактобактериялар қўшилади. Улар овқат ҳазм қилишни яхшилайди. Микробиология ва вирусология маркази бу ғоя устида бир неча йил ишлади.

Амангелди Саданов, биология фанлари доктори, профессор, академик:

- Биз шартли-патоген флорани ўлдирувчи микроорганизмларни киритамиз. Сўнгра фойдали бактерияларни қўшамиз. Ичимлик тайёр бўлади. Ишланмани кўпчилик қўллаб-қувватлашига, сутни қайта ишлаш жараёнида умуман чиқинди чиқмаслигига умид қиламиз. Ишлаб чиқариш технологияси ва томизғи ўзимиздан. Ачитамиз. Зарур микробиологик жараёнларни ўтказамиз. Идишларга қуйиб, сотамиз.

Мутахассислар таъкидлашича, бу ичимликни мунтазам истеъмол қилиш ошқозон-ичак йўлларини тозалайди, улар ишини яхшилайди. Ҳозир яна 4 турдаги ичимлик устида тадқиқот давом этяпти.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.