Сурияда халққа ёрдам бериш механизми яратилади

Сурияда халққа ёрдам бериш механизми яратилади

Террор гуруҳлари билан кураш уларни тўлиқ яксон қилгунча давом этиши керак. «Астана формати» даги халқаро учрашувдан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида Россия президентининг Сурия бўйича махсус вакили Александр Лаврентьев шундай баёнот берди. Унинг айтишича, бу йўналишда бўшашмаслик зарур. Айни вақтда, бугунги кунда асосий эътиборни Сурия халқига кўрсатилаётган гуманитар ёрдамга қаратиш керак. Уларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш ва вайрон қилинган инфратузилмаларни тиклаш лозим. Сессиянинг кўплаб иштирокчилари айнан шу мавқени қўллаб-қувватлади. Суриянинг барча қисмларида аҳолига ёрдам хизмати ташкил этиш – халқаро ҳамжамиятнинг асосий вазифаси.

Александр Лаврентьев, Россия Федерацияси президентининг сурия бўйича вакили:

- Бу биз бир йил муқаддам тутишни таклиф этган мавқе. Ўшанда чегаралараро амалиётларни давом эттириш бўйича резолюцияни қўллаб-қувватлаганмиз. Чегаралараро гуманитар ёрдам кўрсатиш механизми инсонийлик кўмагининг фақат бир жиҳати, холос. Асосий эътиборни мамлакат сифатида Сурия республикаси инфратузилма объектларини тиклашига ёрдам беришга қаратишимиз зарур. Фақат шундай йўл билангина тинч аҳоли қийинчиликларини енгиллаштирамиз, меъёрий меҳнат фаолиятига киришишига йўл очишимиз мумкин.

Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари Женевадаги конституциявий қўмита ишини тиклаш масаласини муҳокама қилди. Александр Лаврентьев берган маълумотга кўра, бу ишни чўзмаган маъқул. 6-чақириқнинг навбатдаги йиғилиши тез кунларда ўтказилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси