Суперкомпьютер кашфиётларга олиб боради

Суперкомпьютер кашфиётларга олиб боради

Қозоғистонда суперкомпьютери ишга туширилиши – мамлакат рақамли инфратузилмасини яратиш, рақамли суверенитетни мустаҳкамлаш ва сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича стратегик қадам.  Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев таъкидлашича, суперкомпьютер кўплаб вазифаларни рўёбга чиқаришда, шу жумладан, иқлим ўзгаришларини моделлаштириш, прогноз қилиш, янги дори-дармонлар ва материаллар ишалб чиқиш, катта маълумотларни таҳлил этиш ҳамда нейротармоқларни ривожлантиришда ишлатилади. Ҳозир суперкомпьютер билан ишловчи мутахассислар тайёрланяпти. Бунинг учун тегишли база мавжуд.

Жаслан Мадиев, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири:

– Бу технология бир сонияда жуда кўп ва мураккаб ҳисобларни амалга оширади. Ўзингизга маълум, бугунги кунда СИ технологиялари дунё бўйлаб фаол ривожланяпти. Бу — рақамлаштириш бўйича навбатдаги поғона. Биз биринчи навбатда Қозоғистон стартаплари, шу жумладан, Астана хабда рўйхатдан ўтганларга ҳисоблаш имкониятларини тақдим этамиз. Уларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун шундай тадбир кўрилади. Суперкомпьютер илмий ҳамжамиятга, илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, кашфиётлар қилиши, ўз ишланмаларига патент олишлари учун ҳам берилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси