Қозоғистон учувчилари ва борт хизматчилари халқаро парвоз хавфсизлиги стандартларига мос келадиган янги тренажёрларда ёнғин ва бошқа хавфли вазиятлар юз берганида йўловчиларни эвакуация қилиш малакаларини ўзлаштиради. Миллий авиакомпаниянинг Парвозларга тайёрлаш маркази янги ускуналар билан жиҳозланди. Учувчилар, кабинада ишловчи экипаж аъзолари юзага келиши мумкин бўлган турли фавқулодда вазиятларда сценарийлар бўйича тавсияларга мувофиқ иш юритади. Таълим тренинглари бир ярим ойга мўлжалланган. Миллий авиваташувчи ходимлар ҳар уч йилда мана шундай курслардан ўтади. Бунинг учун авваллари улар хорижга боришларига тўғри келарди, ҳозир Парвозларга тайёрлаш марказида барча шароитлар яратилди. Бошқа авиакомпанияларга ҳам бу борада хизмат кўрсатилиши мумкин.
Дамир Турғанов, Қозоғистон миллий авиакомпанияси парвозлар хавфсизлигига ўргатиш ва ер усти хизматлари катта менежери:
– Таълим сифати ҳамиша юқори бўлган ва юқорилигича қоляпти. Ягона фарқ шундаки, энди бизнинг ўз тренажёрларимиз бор. Ортимда турган тренажёр бир замонлар учиб юрган самолёт эди, яъни у фойдаланишдан чиқарилган ҳақиқий самолёт. Маълум вақт ичида тренажёр сифатида қайта жиҳозланган. Биз, Қозоғистон ичида ҳам, мамлакат ташқарисида ҳам иш юритаётган бошқа авиакомпаниялар, фуқаро авиацияси ташкилотлари билан ҳамкорликка тайёрмиз. Ҳар қандай шаклда ҳамкорликни муҳоқама қила оламиз. Ва биз бу йўналишда таклифлар ола бошладик.
Абдумалик Сарманов таржимаси.