Қозоғистонда Хитой туризми йили очилди

Қозоғистонда Хитой туризми йили очилди

Қозоғистонда Хитой туризми йили очилди. Астанада тегишли кўргазма ва туризм форуми ташкил этилди. Маълум бўлишича, йил охиригача Осмон ости мамлакатига тўртта янги авиарейс йўлга қўйилади. Умуман олганда, сўнгги 5 йил ичида Қозоғистонга келаётган хитойликлар сони 9 марта ошди. Ўтган йили бу кўрсаткич 655 мингтани ташкил қилди. Республикага қилинган саёҳат ва саёҳатчилар сони, сифатини ошириш учун қатор тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.

Нурбол Байжанов, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги Саноат ва туризм қўмитаси бошқарма раҳбари:

- Туризм ҳафталиклари, шаҳарларда туризм турларини тарғиб қилиш мўлжалланган. Компаниялар ўртасида B2B учрашувлар, янги авиарейслар ташкил қилинади. Ҳозир 50 тача рейс бор. Йил охиригача Чендудан Алматига, Шанхайдан Алматига, Шанхайдан Чимкентга, Сияндан Чимкентга парвозлар бошланиши режалаштирилган.

Қозоғистонда Хитой туризми йили доирасида очилган Welcome Chinese дастури меҳмонхоналар, туристик ва бошқа сервис компаниялари Осмон ости мамлакатидан келган меҳмонлар эҳтиёжларига мослашишига ёрдам беради. Икки давлат туристик таълим даргоҳлари ўртасида академик мобиллик фаоллаштирилади, билим ва тажриба алмашиш, туризм, спорт ва маданиятни ривожлантиришга қаратилган чегара марафони ташкил қилинади.

Алишер Турсин, «Kazakh Tourism» миллий компанияси лойиҳаларга кўмаклашиб бориш департаменти директори:

- Инвестициявий портфели 5 миллиард доллардан зиёд бўлган компания билан учрашдик. Бу ҳар жиҳатдан олганда ҳам жуда катта сармоя. Биз эҳтимолий ҳамкорлар учун қизиқарли бўлиши кутилган турли лойиҳаларни тақдим этдик.

Абдумалик Сарманов таржимаси