Қозоғистонда мажбурий ижро тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Мамлакат Адлия вазири Қанат Мусин Мажилисдаги Ҳукумат соатида маълум қилгани каби, ҳозирда вазирликда унинг концепцияси устида иш олиб борилмоқда. Нотиқ айтишича, ушбу ҳужжат жаҳон қонунчилик амалиётининг қонун устуворлиги ва фуқаролар ҳуқуқига амал қилиниши ўртасидаги мувозанатни таъминлайдиган энг яхши тажрибаларини ўзида жамлаши лозим. Шу билан бирга, бугунги кунда қозоғистонликларнинг аксарияти суд ижрочилари фаолиятидан норози. Бир йилга етмаган вақт мобайнида тегишли органларга 6 мингдан зиёд шикоят аризаси келиб тушган. Улардан кўпчилиги ҳужжат тайёрлаш асоссиз чўзилишига, мутахассислар зарур ҳолларда мажбурлов чораларини кўрмаслигига тааллуқли.
Арман Қўжахметов, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси қонунчилик ва Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитаси раиси:
- 2021-2022 йилнинг 9 ойи давомида судларга 19 мингдан зиёд ариза келиб тушган, айни пайтда, вазир ҳам ўз нутқида шу рақамларга эътибор қаратди. Суд ижрочиларига оид 6 минг 281 та даъво мавжуд, бу 33 фоизни ташкил этади. Энг кўп даъво аризаси Нур-Султон ва Алмати шаҳарларида тушган. Суд ижрочилари судда ўз хатоларини тан олди, 1 минг 456 та ёки 23 фоиз иш ярашув билан тугаган, 1 минг 299 та иш низолар ҳал этилмагани учун бекор қилинган, бу - 21 фоиз. Жами бўлиб, суд амалда 2 минг 14 та ёки 32 фоиз ишни кўриб чиқди, шундан 45 фоизи қондирилди. Яъни суд ижрочиларининг ҳаракати ё ҳаракатсизлиги устидан киритилган деярли барча суд даъволари асосли бўлган.
Абдумалик Сарманов таржимаси