Июнь ойидан бошлаб Қозоғистон йўлларидаги 18 та участкадан ҳаракатланиш учун ҳақ тўлашга тўғри келади. Уларнинг умумий узунлиги 6 минг километр атрофида. Шу жумладан, «Ғарбий Европа-Ғарбий Хитой» халқаро йўналиши ва автобанлардан хазинага маблағ туша бошлайди. Транспорт ҳаракатини кузатиш учун «Сергек» тизими видеокамералари қўйилади. Ҳаракат шундай шаклда йўлга қўйиладики, унга шлагбаумлар қўйиш зарурати туғилмайди. Енгил транспорт воситалари ҳайдовчилари бир километр учун 1 тенге, юк машиналари трасса тоифасига қараб 5-25 тенге тўлайди. Йўл учун ҳақ тўлаш автомобилнинг давлат рақами билан боғланади. Турли вариантлар кўзда тутилади.
Рустам Исаев, «ҚазАвтоЖўл» департаменти директори:
- 20 дан зиёд тўлаш имкониятлари кўзда тутилган. Ҳозир бу ишга банк тизимлари ва тўлов терминаллари ҳам қўшилди. Бундан ташқари, маълум аҳоли қатламлари ва машина типлари учун имтиёзлар, бепул ҳаракатланиш имконияти кўзда тутилган. Жумладан, ҳокимликларда рўйхатдан ўтган йўналишдаги шаҳарлараро автобуслар ҳақ тўламайди.
Таъкидлаш лозимки, 2025 йилга бориб, пулли йўллар узунлиги 11 минг километрга етади. Бунинг учун 25 миллиард тенге ажратилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси