Қозоғистон ва Европа Иттифоқи Стратегик ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Ҳужжат барқарор хомашё, батарея ва «яшил» водород занжири яратиш борасидаги ҳамкорликни кўзда тутади. Бош вазир Алихан Смаилов ва Еврокомиссия Президенти Урсула фон дер Ляйен Мисрда бўлиб ўтаётган COP-27 Иқлим Саммити доирасида тегишли ҳужжатни имзолади. Ушбу ҳужжат имзоланиши мамлакатимиз ва Европа Иттифоқи саноат ҳамжамиятлари ўртасида молиявий ҳамда технологик ҳамкорлик ўрнатиш учун асос яратади, дея таъкидлади Бош вазир. Шунингдек, томонлар қўшма стратегик ишлаб чиқариш занжирлари интеграцияси, инвестиция ва таълим соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида фаол иш бошлашга тайёр эканлигини тасдиқлади.
Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:
- Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг энг йирик ва аҳамиятли савдо ҳамкори. Мамлакат ташқи савдо алоқаларининг салкам 30 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, бугун биз инвестициявий ҳамкорлик ва ўзаро савдо ҳажмини кўтариш имкониятлари мавжудлигини кўряпмиз. Қозоғистон Европа бизнесини жалб этишга қодир барча факторларга: диверсификацияланган энергия манбалари, транзит-транспорт салоҳияти ва салмоқли табиат захираларига эга. Иқлим ўзгаришлари бўйича глобал конференция доирасида биз хом ашё, батареялар ва «яшил» водород қийматини яратиш занжири бўйича муҳим ҳужжатни имзоладик.
Урсула Фон Дер Ляйен, Европа комиссияси президенти:
- Европа Иттифоқи ва Қозоғистон кўп йиллар давомида мустаҳкам иқтисодий алоқаларни ривожлантириб келган. Европа Иттифоқи Қозоғистонга кириб келган сармояларнинг 60 фоизини берган энг йирик инвестор. Биз ҳозиргина имзолаган ўзаро ёрдам тўғрисида меморандум бу муносабатларни янада кенгайтиради. Уларни биз истаган даражага олиб келади.
Алихан Смаилов Жаҳон етакчилари саммитида Қозоғистон Иқлим бўйича Париж шартномаси мақсад-вазифаларига содиқлигини билдирди. Унинг маълум қилишича, йил охиригача мамлакатимиз Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Қуйи углеродли тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиш ниятида. Қозоғистон минтақада қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича пешқадамлик қилишга тайёр. «Яшил» молиялар минтақавий инвестиция маркази сифатида «Астана» халқаро молиявий маркази иш олиб бориши кутиляпти. Иқлим саммитида 120 дан зиёд давлат вакиллари қатнашмоқда. Давлат ва ҳукумат раҳбарлари иқлим ўзгаришига оид энг долзарб масалалар юзасидан давлат фикрини акс эттирувчи «миллат мурожаати»ни баён этмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси