Қишлоқ хўжалиги, саноат, автомобиль инфратузилмаси ва озиқ-овқат ишлаб чиқаришни ривожлантириш, бизнесни қўллаб-қувватлаш. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев амалий сафар давомида Жетису вилояти жамоатчилиги билан учрашувда бешта муҳим устувор вазифани тилга олди.
Минтақа аҳолиси билан учрашувда давлат раҳбари Қозоғистон-Хитой чегарасида юзага келган навбат билан боғлиқ вазиятни тартибга солишни топширди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, «Алакўл» ва «Нур йўли» чегара-ўтказув пунктларида электрон навбат жорий этишни жадаллаштириш керак.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Юк автотранспортлари тўпланиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда, ҳақли равишда ҳайдовчилар бундан норози. Вазиятни тўғрилаш учун «Алакўл» ва «Нур йўли» чегара-ўтказув пунктларида электрон навбат жорий этиш керак. Минтақа ва мамлакат иқтисодий салоҳиятини жиддий кучайтиришга хизмат қилувчи яна бир қадам сифатида минтақада Хитой стандартларига кўра аккредитацияланган лабораториялар очиш зарур, деб ҳисоблайман. У Хитойга экспортни кенгайтиришга ёрдамлашади. Шундай лабораторияни Хоргосда очиш режалаштирилган. Ишларни тезлаштириш учун хитойлик ҳамкорлар билан мулоқотни фаоллаштириш керак.
Давлат раҳбари таъкидлашича, Жетисуда 100 миллион гектардан зиёд ер бўш ётибди, унинг ярми давлатга қайтарилди. Президент ишлатилмаётган дала майдонлари деҳқонлар орасида адолатли тақсимланишига ваъда берди, ҳоким эса ушбу масалани шахсан назоратда тутиши лозим.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Жетису замини баракали ва сахий. Сувга бой, ҳосилдор. Зироатчи учун ҳақиқий хазина. Фақат ундан тўғри фойдалана олиш керак, холос. Менинг топшириғимга кўра, жорий йилда ҳукумат жами 5 миллион гектар ишлатилмаётган ерни давлатга қайтарди. Бу иш қишлоқлар яқинида яйлов етишмаслиги муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради. Қайтарилган ерлар деҳқонлар ўртасида тўғри тақсимланишига эришиш жуда муҳим. Бундай иш тутиш адолатли жамият барпо этишимизга хизмат қилади.
Бундан ташқари, президент таъкидлашича, унинг топшириғига кўра ҳукумат вилоят ҳокимлари билан бирга Талдиқўрғанда йирик хорижий технологик университет филиали яратиш устида ишлаяпти. Унда қишлоқ хўжалиги, саноат, туризм ва рақамли технологиялар бўйича мутахассислар тайёрланади. Натижада, ёшлар вилоятдан кетиб қолиши ҳоллари камаяди, маҳаллий иқтисодиёт юқори малакали кадрлар билан таъминланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси