ШҲТ: Қозоғистон - Эрон. Туризм ва спорт соҳаси ривожлантирилади

Алматидаги Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти йиғилишининг асосий мақсади – спорт ва туристик салоҳиятни кенгайтиришдан иборат. Қозоғистон ташаббусига кўра, 2024-2025 йилларга мўлжалланган ШҲТ-да туризмни ривожлантириш қўшма режаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди, унда биргаликда рўёбга чиқариладиган 20 тадбир бор. Ҳужжат инфратузилмаларни такомиллаштириш, туристик талабни рағбатлантириш, ташриф буюрувчилар учун сервисни яхшилаш, минтақа туристик йўналишларини илгарилатишни кўзда тутади. Ҳар бир давлат ўзига хос туристик имкониятлар ва захираларни таклиф этган ҳолда бу дастурни рўёбга чиқаришга ҳисса қўшади.

Ермек Маржиқпаев, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири:

- Вазирлик қошида туризм ва меҳмоннавозлик университети мавжуд. У Туркийлар дунёсининг маънавий ва туристик маркази бўлган Туркистон шаҳрида жойлашган. Мазкур академик йил давомида биз устувор асосда ташкилотга аъзо бўлган ҳар бир давлатдан 2 нафардан вакил қабул қилиш ниятидамиз. Бу ташаббусимиз миллатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. Бундан ташқари, ШҲТ доирасида ШҲТнинг туристик пойтахти лойиҳаси муваффақиятли рўёбга чиқариляпти. Алмати келгуси йилда бу мақомни узатишга тайёр. Биз келгуси ШҲТ-нинг туристик пойтахти сифатида ХХРдаги Циндао шаҳрининг номзодини қўллаб-қувватлаймиз.

Ермек Маржиқпаев спорт ШҲТ доирасидаги асосий ҳамкорлик йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.

Ермек Маржиқпаев, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири:

- Бугунги учрашувимиз доирасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ривожлантириш борасида тажрибамиз ва фикрларимизни баҳам кўрмоқчимиз. Биз дунё миқёсида спорт кун тартибини белгилай оламиз.

Шанҳай Ҳамкорлик ташкилоти доирасида спортни фаоллаштириш маданий алмашинувлар, олий ютуқларга мўлжалланган йўналишни ривожлантириш ва илгарилатиш, маҳаллий ва миллий спортни ривожлантиришда қўл келади, деб ҳисоблайди Эрон Ислом Республикаси Спорт ва ёшлар вазири Қаюмарс Ҳошимий.

 

Қаюмарс Ҳошимий, Эрон Ислом Республикаси Спорт ва ёшлар вазири:

- Биз, Эрон ва Қозоғистон ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланганини ҳисобга олсак, Туризм ва спорт вазири Ермек Маржиқпаев  жуда яхши учрашув ўтказдик. Гольф, чавандозлик, бокс ва велоспорт каби спорт турларини ривожлантиришда Қозоғистоннинг имкониятларидан фойдаланамиз, Эрон кураш, тхэквондо ва каратэ йўналишларида ёрдам кўрсатади. Эрон Қозоғистондаги Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида қатнашади. Велосипед жамоалари Қозоғистон лигасида иштирок этади. Қозоғистон туризм ва спорт вазирлиги мамлакатда зўрхане курашини йўлга қўйишни режалаштиряпти. Умуман олганда, биз Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти доирасида маданий алмашинувлар, юқори ютуқлар спортини ривожлантириш ва фаоллаштириш, аъзо давлатларнинг маҳаллий ва миллий спорт турларини ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқяпмиз. Ушбу йиғилишда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида футзал матчлари ташкил қилиш, 2026 йилда спорт вазирлари учрашувини ташкил қилишни таклиф этдик. Булар вазирлар учрашувлари кун тартибига киритилди. Қозоғистон томони мазкур анжуманнни ажойиб бир тарзда ўтказганини алоҳида тилга олишни истардим. Мезбонларга меҳмондўстлиги учун миннатдорчилик билдираман. Бу эса ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлигини кенгайтириш учун яхши бошланғич бўла олади.

 

Қозоғистон ташкилотга аъзо давлатларнинг деярли ҳаммаси билан визасиз мулоқот тартиби ўрнатган. Келаётган хорижлик туристларнинг 62 фоизини ШҲТ фуқаролари ташкил қилади. Туризм ва спорт вазири Ермек Маржиқпаев Хитой, Эрон, Россия вазирлари билан мулоқотда бўлди. Россиянинг Спорт вазири Михаил Дегтярев билан спорт фанларини ривожлантириш борасида ҳамкорлик муҳокама қилинди. Хитойлик ҳамкасби Гао Джидань  билан Қишки Осиё ўйинлари муҳокама қилинди. ШҲТ учрашуви якуни ҳужжати сифатида 2024-2025 йилларда туризм соҳасида қўшма фаолияти чоралари режаси имзоланди.

Ермек Маржиқпаев, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири:

– Жорий йилнинг 8-13 сентябрь кунлари мамлактаимизда Бешинчи Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ўтказилишини эслатаман. Бу – жуда катта туристик тадбир, мамлакатимиз пойтахтига 100 минг нафар турист келиши кутиляпти. Барчангизни Астанага ташриф буюриб, ушбу ўзига хос лойиҳанинг рўёбга чиқарилишини кузатишга таклиф қиламан.

Абдумалик Сарманов таржимаси.