Соғлиқни сақлаш вазирлигида органлар трансплантациясидан кейин беморлар учун зарур бўлган препаратлар келтириш муддати маълум қилинди. Улар ҳаёти учун зарур бўлган «Сандиммуннеорал» дориси келгуси 10 кун ичида келтирилиши маълум қилинди. «Фармация» компанияси фаолиятига бағишланган йиғилиш давомида бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Жандўс Буркитбаев баёнот берди. У берган маълумотга кўра, олиб келинган препаратлар талаб ошиб бораётган мазкур дорига бўлган ярим йиллик эҳтиёжни қоплайди. Шуни ҳам айтиш лозимки, ҳозир Европадаги ишлаб чиқарувчи билан мазкур дорини харид қилиш тўғрисида бевосита музокаралар давом этяпти. Эслатамиз, трансплантацияни бошидан ўтказган қозоғистонликлар аввалроқ кўчирилган органлар организмдан сиқиб чиқарилиши эҳтимоли борлигидан ташвиш билдирган. Беморлар Давлат раҳбарига очиқ хат ёзган, унда юзага келган муаммо баён қилинганди. Шунингдек, ушбу вазиятдан чиқиш учун махсус комиссия тузиш сўралган. Вазирлик вакилининг маълум қилишича, кам учрайдиган касалликларни аниқлаш ва даволаш учун ишлатиладиган орфан препаратларини келтириш масаласи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тизимли назоратига олинган.
Андўс Буркитбаев, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари:
- Афсуски, дунёда орфан препаратлари билан дарҳол таъминлаш бўйича ечим йўқ. Бир қанча вариантларни, шу жумладан, Россия тажрибасини кўриб чиқяпмиз. Соғлиқни сақлаш вазирлигини бу масала хавотирга солди ва муаммони ҳал қилиш учун ҳар томонлама ўйланган таклифларимизни тақдим этамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси