Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Россиянинг бир компонентли янги вакцинаси - «Спутник Лайт»ни расман рўйхатга олди. Вазирликда маълум қилинишича, бу «Спутник V»нинг енгиллаштирилган тури.
Унинг самарадорлиги эмланганидан кейинги 28 кун давомида 79,4 фоизни ташкил қилади. Масъуллар билдиришига кўра, препарат аҳолини эмлаш муддатини қисқартиришга, жамоавий иммунитет ҳосил бўлишини тезлаштиришга имкон беради. «Спутник Лайт»ни қабул қилганлар организмида жиддий таъсир кузатилмаган.
Эслатамиз, бу - Қозоғистонда қўлланиши маъқулланган бешинчи вакцина. Айни пайтда аҳоли QazVac, «Спутник V», Hayat-Vax ва СоronaVac билан эмланмоқда. Бундан ташқари, жорий йилнинг 4-чорагида вакцина етказиб бериш бўйича «Pfizer» билан дастлабки келишувга эришилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси