SMART-ЭКГ иловаси ишга қўшилди

SMART-ЭКГ иловаси ишга қўшилди

Эндиликда ўн минглаб қозоғистонликлар масофадан туриб юрак ташхисини олиши мумкин. Smart-ЭКГ иловаси мамлакатдаги 100 дан зиёд поликлиника, уларнинг  ярми қишлоқ жойларида ишга туширилди. Натижада, олис қишлоқларда яшовчи, юрак-қон томир тизимида муаммоси бўлган фуқароларга шифокор хулосасини онлайн шаклда, бевосита смартфони ёки почтасига тушириб бериш имконияти туғилди.

САЛТАНАТ АУТАЛИПОВА, ФУНКЦИОНАЛ ТАШХИС ШИФОКОРИ:

- Биз ярим йилдан буён СМАРТ дастуридан фойдаланаяпмиз, бу жуда қулай, чунки масофадан  олинган электрокардиограммалар дарҳол дастуримга келиб тушади, тавсифлайман, чиқарилган хулоса электрон манзилга кетади. Ҳамшираларимиз қишлоқ ҳудудларида, масофадан меҳнат қилади. Смарт ЭКГ беморга ўз вақтида ташхис қўйиш ва зарурат туғилганда стационарга юбориш имконини беради.

Шифокорлар таъкидлашича, эрта ташхис қўйиш ҳаётни хавф остига қўймасдан узоқ умр кўришнинг гарови ҳисобланади. Бутун дунёда бўлгани каби, Қозоғистонда ҳам юрак касалликлари туфайли жон бераётганлар жуда кўп. Қозоғистонлик мутахассисларнинг янги ишланмаси туфайли ЭКГ-ташхисини олиш осонлашди, шифокор хулосасининг сифати ортди.

АЙДАР САПАРОВ, ЛОЙИҲА РАҲБАРИ:

- Бу дастур Америкадан тортиб Хитойгача бўлган турли ЭКГ-аппаратлар ишлаб чиқарувчилари маҳсулоти билан ишлай олади, дунёда тенгсиз драйвер компьютерга ўрнатилади, ЭКГ-аппарат эса компьютерга драйвер ёрдамида уланади. Электрокардиографик сигнал эса компьютер мониторига чиқади. Сўнгра у сунъий интеллект ёрдамида қайта ишланади ва ўқиши учун шифокор кабинетига юборилади.

Таъкидлаш лозимки, бу лойиҳа Фан жамғармаси томонидан молиялаштирилган ва ишга туширилган. 2021 йилда Smart-ЭКГ ишланмаси муаллифлари 250 та қишлоқни айланиб чиқди. Ўтган давр мобайнида ўн минглаб электрокардиограмма масофадан ўқилди. Лойиҳа муаллифлари маълум қилишича, маҳаллий маҳсулотни соғлиқни сақлаш тизимига жорий этиш ишлари давом этади.

Абдумалик Сарманов таржимаси