2024 йил сиёсий воқеаларга бой бўлди. Мамлакатда саммитлар ва форумлар ўтказилди, Қозоғистонга жаҳоннинг пешқадам
давлатлари вакиллари ташриф буюрди. Шунингдек, ўтган йил мамлакатимизнинг ташаббуслари ва
таклифлари билан ҳам ёдда қолди. Республика ШҲТ, ЖХШТ, ОИЧХТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси, Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти ва бошқа
нуфузли халқаро ташкилотларга раҳбарлик қилди.
Айдар Қурмашев, Қозоғистон
Республикаси Президенти қошидаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти Осиё тадқиқотлари бўлими раҳбари:
- Қозоғистон раислик лавозимидаги фаолияти муносиб ўтди ва аниқ ҳужжатлар
имзоланишига олиб келди. Масалан, биз Марказий Осиё давлатлар саммитини олиб қарасак, 9 августда маслаҳатлашув
йиғилиши ўтказилди ва унда Марказий Осиёни 2040 йилгача ривожлантириш концепцияси каби қатор ҳужжатлар қабул
қилинди. Бу улкан ҳужжат минтақанинг келажак ривожланишини ва ташқи ўйинчилар
билан муносабатларини белгилаб беради.
Усмонзода Хайриддин, Тожикистон Республикаси Президенти қошидаги Тожикистон стратегик тадқиқотлар маркази директори:
- Тожикистон учун Қозоғистоннинг жорий йилдаги
ШҲТда раислик фаолияти барқарор ривожланиш ва экологик муаммоларга эътибор
туфайли муҳим бўлди. Қозоғистон Республикасининг ШҲТга аъзо давлатлар ривожланиш истиқболлари бўйича
мўлжалларни рўёбга чиқаришга қўшган ҳиссаси сезиларли даражада катта.
Қозоғистон ҳамиша
хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга интилиб
келган. Давлат
раҳбарининг чет элларга қилган сафарлари давомида қатор икки томонлама
ҳужжатлар имзоланди. Жорий йилнинг ўзида Қосим-Жўмарт Тўқаев 20 тадан зиёд давлатга ташриф буюрди, 600 тадан кўпроқ учрашувда қатнашди. 2024 йил Италия сафаридан бошланди. Сўнгра Ватикан, Қатар, Татаристон, Озарбайжон, Хитой, Ўзбекистон, Арманистон, Россия, Сингапур, Франция, Сербия ва бошқа кўплаб давлатларга борди. Республика кўплаб меҳмонларни қабул
қилди.
Немис аналитиклари Қозоғистонни жаҳон саҳнасида муҳим ўрин
тутган давлатлар рўйхатига киритди. Германиянинг «Фан ва сиёсат жамғармаси» республикани «Ўртача давлат», деб атади. Машҳур ташаббуслар – ядро қуролсизланиши, музокаралар учун майдончалар тақдим этиши, БМТ доирасида гуманитар ёрдам ва тинчлик ўрнатишга интилиш ҳам мамлакатнинг
дунё миқёсида ўз овозига эгалигини кўрсатади.
Нико Шермерс,
Нидерландия қироллигининг Марказий
Осиёдаги элчиси:
- Бугунги кунда Қозоғистон Бирлашган Миллатлар ташкилоти тузилмаларида ҳам ҳар томонлама
ва фаол иш юритяпти. Мамлакатингиз Нидерландия каби БМТнинг инсон
ҳуқуқлари бўйича кенгашининг тўлақонли аъзоси бўлди. Кўптомонлама дипломатияга содиқ қолган
ҳолда, мамлакатингизни
кўп йўналишлар бўйича муҳим ҳамкор, деб ҳисоблаймиз. Қозоғистон глобал даражада нуфузини
ошираётганини кўриб турибмиз.
Қозоғистон глобал ўзгаришлар ва хатарларга тезкорлик билан жавоб беряпти. Қозоғистон Президенти иқлим ўзгариши муаммосига катта эътибор қаратди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Бокуда бўлиб ўтган СОР 29 анжумани ва Франция билан ташкил қилинган One Water Саммитда аниқ таклифлар билан чиқди. Буларнинг ҳаммаси умумий муаммоларни ҳал этиш учун жаҳон ҳамжамиятининг бирлашишига қаратилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

