Қозоғистон ва Кипр ҳамкорликни кенгайтиради

Қозоғистон ва Кипр ҳамкорликни кенгайтиради

Мустақиллик саройида Кипр Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Никос Христодулидис мамлакатимизга илк бор расмий ташриф билан келди. Давлат раҳбарлари расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирди. Сўнгра фахрий қоровул ротаси бошлиғи табрик рапорти берди, Қозоғистон ва Кипр мадҳиялари янгради.


Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Никос Христодулидис тор торкибда музокара ўтказди. Давлат раҳбари Кипр Президентининг Қозоғистонга илк расмий ташрифи тарихий аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар фаол ривожланмоқда: ҳар икки пойтахтда элчихоналар очилди, бевосита авиақатновлар йўлга қўйилди. Бугун Астанага амалга оширилилган дастлабки рейсда Кипр Президенти келди. Айни вақтда, Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжуд. Президент Қозоғистон кенг кўламли йўналишларда алоқаларни янада ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлади. Ўз навбатида Никос Христодулидис музокаралар ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди. Сўнг икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокаралар давом этди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Биз ҳозиргина мазмунли музокаралар ўтказдик ва икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга содиқлигимизни тасдиқладик. Қозоғистон ўзаро манфаатли шартномалар тузишга тайёр, чунки биз мамлакатингиз билан анъанавий дўстлик ришталарини қадрлаймиз.


Қозоғистон Президенти Никос Христодулидис билан бирга нуфузли бизнес делегация келганини, бу Кипр компанияларининг мамлакатимизга қизиқиши ортаётганидан далолат эканини таъкидлади. Рақамлаштириш ва сунъий интеллект, логистика, молия, туризм, таълим, қайта тикланувчи энергетика ва инфратузилма соҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қосим-Жўмарт Тўқаевга кўра, бугунги бизнес-форум ва Савдо палаталари ўртасидаги меморандумнинг имзоланиши алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоғистон мамлакатимизга сармоя киритишга, фаолиятини кенгайтиришга тайёр бўлган Кипр компанияларини мамнуният билан кутиб олади. Бизнес ва инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш Қозоғистон сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Кипр компаниялари инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда Ҳукуматимизнинг амалий ёрдамига таяниши мумкин. Бундан ташқари, парламентлараро алоқалар мамлакатларимизни янада яқинлаштириш учун мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий асос яратади.


Никос Христодулидис, Кипр Республикаси Президенти:


– Биз Марказий Осиёнинг геосиёсий аҳамиятини, Қозоғистоннинг дунёдаги мавқеини тан оламиз. Қозоғистон Европа Иттифоқининг стратегик ҳамкори. Кипр Европа Иттифоқига аъзо давлат сифатида Қозоғистон инвесторлари ва компаниялари учун Европа бозорига ишончли кириш эшиги бўлиб хизмат қила олади. Биз стандартларга тўлиқ жавоб берадиган тадбиркорлик муҳитини таклиф этамиз.


Ўзаро алоқаларни чуқурлаштириш учун Қосим-Жўмарт Тўқаев 2028 йилгача иқтисодий ҳамкорлик бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш каби қатор таклифлар билдирди. Музокаралар якунида расмий делегациялар аъзолари ўртасида қатор маҳкамалараро битим ва меморандумлар алмашилди.


Қозоғистон ва Кипр ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Қосим-Жўмарт Тўқаев Никос Христодулидисни I даражали "Дўстиқ" ордени билан тақдирлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.