Қозоқ адабиёти тараққиётидаги янги фактлар аниқланди. Республикада энг буюк шоирлардан бири Ғали Ўрмановнинг кундалиги топилди. 1939 йилдан 1945 йилгача у Жамбил Жабаевнинг адабий котиби бўлиб ишлаган. Лотин алфавитидаги битиклар унинг 10 та кундалигининг дастлабкиси. Улар аввалига шоирнинг рафиқаси Айтбали Ўрмановада сақланган, кейин авлодларига берилган.
Аслан Шекеров, Ғ. Орманов номли мактаб-гимназия тарих ўқитувчиси, Нур-Султон шаҳри:
- Бу ердаги фотода у халқ шоири Жамбил Жабаев билан бирга. Сурат уларнинг жуда яқин бўлганини кўрсатади. Ғали Ўрманов Жамбил Жабаев асарларини қоғозга кўчирган. Аудиоленталарга ёзган.
Кундаликда Жамбилнинг шеърларидан ташқари, у кимлар билан учрашгани, қандай масалаларни муҳокама қилгани ҳақида батафсил маълумотлар ёзиб борилган. Бу фактлар авваллари ҳеч қаерда чоп этилмаган. Ҳужжат тўла тикланган, лекин мутахассислар тўлиқ ўрганиб чиқишга улгурмади.
Айдар Қириқбайўғли, Ғали Ўрмановнинг эвараси:
- Адабиётшунослар ўрганиб чиқишганидан сўнг биз кундаликни китоб шаклида чоп этиш ниятидамиз. Ушбу битиклар туфайли тарихимиз, умуман, адабиётимиз билан боғлиқ кўплаб кашфиётлар юзага чиқади, деб ўйлайман. Балки ундаги маълумотлар келажакда дарсликларга ҳам киритилар. Тадқиқотчилар ва педагоглар бундан манфаатдор.
Таъкидлаш жоизки, яқинда Ғали Ўрмановнинг 1934 йилда лотин ёзувида чоп этилган «Ўлжабек» тўплами топилди. Унинг ягона нусхаси Ёқутистон миллий кутубхонасида сақланиб қолган, энди ватанига қайтарилди. Бу асарлар лотин ёзувининг янги вариантида катта ададда чоп этилиши кутиляпти. Эслатамиз, Ғали Ўрманов кўплаб шеърий тўпламлар муаллифи, бир қанча поэма, ҳикоя ва очерклар ёзган. Асарлари қатор хорижий тилларга таржима қилинган. Унинг ўзи ҳам жаҳон адабиёти дурдоналарини қозоқчага ўгирган. Лев Толстойнинг «Анна Каренина» романини она тилида китобхонларга тақдим этган. Ғали Ўрмановнинг 115 йиллик юбилейига икки томли асарлар тўплами чоп этилиши кутиляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси