Ёз келиши билан Қозоғистон пойтахтида маданий ҳаёт янги ранглар билан товлана бошлади. Парклар, дам олиш зоналари, мусиқачию актёрлар чиқишлари ва бошқа қизиқарли тадбирлар кўп. Пандемия хавфи туфайли дам олишнинг янги турлари пайдо бўлди. Энди кўплаб тадбирлар очиқ осмон остида ўтказиляпти. Санъат сарҳадларини кенгайтиришга биринчилардан бўлиб “Астана Опера” театри жазм этди. Мамлакатнинг бош санъат даргоҳи артистларининг чиқишлари 6 июлгача давом этади. Жами 10 та тадбир кўзда тутилган. «Йилнинг саккиз фасли» деб аталган томоша томошабинга тақдим этилди.
Китобхонлар учун вақт ўтказишнинг ажойиб имконияти туғилди. Ёзувчилар хиёбонида йил бошидан буён китобсеварлар учун ҳақиқий байрам ташкил этилди. Унда очиқ осмон остидаги кутубхона очилган. Нур-Султонда яшовчи ҳар бир одам бу ерда очиқ ҳаводан баҳра олиб, китоб ўқиши, ҳатто бир нечтасини уйига олиб кетиши мумкин. Шу кунларда пойтахтда 18 та шунга ўхшаш кутубхона очилди ва уларга талаб катта.
Роза Салметова, кутубхоначи:
- Бу тадбирни биз айнан ёшлар учун ташкил қилдик. Уларда китоб ўқишга ҳавас уйғотиш ниятидамиз. Келсин, кўпроқ ўқисин, дунёни англасин, янги нарсаларни билиб олсин.
Эндиликда пойтахт паркларида шунчаки сайр қилиш эмас, севимли фильмларни ҳам томоша қилиш мумкин. Ташаббускорлар бу иш муваффақиятли бўлишини айтмоқда. Зеро, бундай дам олиш ёшлар орасида кенг тарқалди. Кино сеанслари учун билетлар бир ҳафта илгари сотилиб кетди. Кунига 2 та фильм томоша қилиш мумкин. Қайси кинокартина танланишини ижтимоий тармоқда овоз бериш орқали томошабинлар ҳал қилади.
Нурасил Ержанов, кинотеатр директори:
- Биз жойларни кенгайтирмоқчимиз, экран катталаштирилади, шунда одамларга анча қулай бўлади. Ҳамма бемалол кўради. Пашшага қарши спрей ва ёпинчиқ ҳам берамиз.
Шу тариқа, пойтахтда яшовчи ҳар бир юртдошимиз бўш вақтини ўзи истаганидек мароқли ўтказа олади. Зеро, келгуси ҳафтада илиқ кунлар кутиляпти. Демак, ҳар биримиз маданиятнинг сермазмун ва гўзал дунёсидан баҳраманд бўла оламиз ва бунга пандемия моне бўла олмайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси