1933 йилнинг кузида Алмати темир йўл вокзалига Семипалатинскдан поезд келиб тўхтади. Бу поезднинг плацкарт вагонида бир ёш йигит келганди. У анчагина ухлай олмаган, у ёқдан бу ёққа ағдариларди, чунки ҳаяжонда эди. Бу улкан ва кўркам шаҳар уни қандай қабул қиларкин, ўз орзусини амалга ошириб, театрга ишга кирармикин, актёр бўла олармикин? Труппага қабул қилишадими? Режиссёр унга ишонадими? Ёш йигит шундай ўй-хаёллар билан тонгга қадар ухлай олмади, кейин эса йўл охиригача қаттиқ уйқуга кетиб, проводник вагон бўйлаб юрганича, йўловчиларни тушишга шошилтираётганида уйғонди. Юқоридаги ўриндан тушди-ю, талмовсираб қолди.
Этиги йўқолибди! Йўлда ўғирлатибди.
Алматига этиксиз, чин маънода ялангоёқ келган бу ёшгина йигит кейинчалик қозоқ санъатида, театр ва кинематографиясида шундай бемисл из қолдирадики, унинг номини фақат Қозоғистонда эмас, балки ундан ташқарида ҳам ҳамма биладиган бўлади. Унинг фильмлари совет ва қозоқ кинохазинасига киради, ёш режиссёрларнинг кўплаб авлоди ўрганадиган, ибрат оладиган классикага айланади. Бу одам қозоқ киносининг пойдеворини қўйган шахснинг худди ўзгинаси. Шакен Айманов.