Мисрни бошқарган қипчоқ - Султон Бейбарс

Бутун оламга танилган тарихий шахс, Мисрда ҳукмронлик қилган Султон Бейбарс номини эшитмаган одам бўлмаса керак. Бу шахс заковатли, доно ҳукмдор, жасур ва толмас саркарда эди. У салтанат тепасида турган кезларида қанчалаб ёв ҳужумини қайтариб, халқнинг моддий аҳволини яхшилашга интилгани борасида кўпгина асарлар ёзилган. Ёшлигида бегона юртга қул сифатида сотиб юборилган бўлса-да, кейинчалик жасорати, куч-ғайрати, шижоат ва иродаси туфайли салтанат тепасига кўтарилган мамлук қипчоқларининг руҳи орадан етти аср ўтгач, Султон Бейбарс номи остида она ватанига қайтди. Бундан етти аср муқаддам Султон Бейбарс пойдеворини қўйган Миср ҳамда Буюк Дашт ўртасидаги алоқа ҳали-ҳамон давом этиб келмоқда.