Алматидаги Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти йиғилишининг асосий мақсади – спорт ва туристик салоҳиятни кенгайтиришдан иборат. Қозоғистон ташаббусига кўра, 2024-2025 йилларга мўлжалланган ШҲТ-да туризмани ривожлантириш қўшма режаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди, унда биргаликда рўёбга чиқариладиган 20 тадбир бор. Ҳужжат инфратузилмаларни такомиллаштириш, туристик талабни рағбатлантириш, ташриф буюрувчилар учун сервисни яхшилаш, минтақа туристик йўналишларини илгарилатишни кўзда тутади. Ҳар бир давлат ўзига хос туристик имкониятлар ва захираларни таклиф этган ҳолда бу дастурни рўёбга чиқаришга ҳисса қўшади.
Ермек Маржиқпаев, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири:
- Вазирлик қошида туризм ва меҳмоннавозлик университети мавжуд. У Туркийлар дунёсининг маънавий ва туристик маркази бўлган Туркистон шаҳрида жойлашган. Мазкур академик йил давомида биз устувор асосда ташкилотга аъзо бўлган ҳар бир давлатдан 2 нафардан вакил қабул қилиш ниятидамиз. Бу ташаббусимиз миллатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. Бундан ташқари, ШҲТ доирасида ШҲТ-нинг туристик пойтахти лойиҳаси муваффақиятли рўёбга чиқариляпти. Алмати келгуси йилда бу мақомни узатишга тайёр. Биз келгуси ШҲТ-нинг туристик пойтахти сифатида ХХР-даги Циндао шаҳрининг номзодини қўллаб-қувватлаймиз.
Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги Иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори Никита Кондратьевнинг айтишича, бу қадам мамлакатлар орасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва маданий алмашинувларни кенгайтиради.
Никита Кондратьев, Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги Кўп томонлама иқтисодий ҳамкорлик ва махсус лойиҳалар департаменти директори:
- Учрашув жуда жўшқин ва самарали бўлди. Натижада, 2 йилга мўлжалланган қўшма иш режаси қабул қилинди. Унга 4 асосий блокдан иборат Россия таклифлари ҳам киритилди. Биринчиси, тегишлича, қўшма туристик маҳсулотларни илгарилатиш, туристик соҳа учун кадрлар тайёрлаш, туристлар хавфсизлигини таъминлаш, стандартларни яқинлаштиришга алоҳида эътибор берилган. Ундаги сўнгги блок биз учун жуда муҳим, чунки Россия туристик соҳасини стандартлаштиришдаги ўз тажрибаси ва ишланмаларини тақдим этишга тайёр. Келгуси йилдан ШҲТ доирасида стандартлар ва тартибга келтиришни яқинлаштиришга доир алоҳида ташаббусни илгари суриш ниятидамиз. Вазирлар учрашувида фаол муҳокама қилинган ва барча делегация раҳбарлари тилга олган иккинчи масала – виза тартиби. ШҲТ давлатлари ўзаро виза тартибини енгиллатиши керак. Биз ҳам ўз томонимиздан бу йўналишда фаол иш олиб боряпмиз, амалда барча ШҲТ давлатлари билан визасиз тартиб ўрнатганмиз. Гуруҳлар учун визасиз саёҳатлар фаол ривожланяпти, Хитой ва Эрон билан 2023 йил 1 августдан буён бундай келишувга амал қилиняпти. Биз қабул қилаётган барча ҳужжатлар туризм соҳасида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш учун қўшимча шароитлар яратишига умид қиламиз.
Қозоғистон ташкилотга аъзо давлатларнинг деярли ҳаммаси билан визасиз мулоқот тартиби ўрнатган. Статистикага кўра, Қозоғистонга келаётган хорижий туристлар оқимининг 62 фоизини ШҲТ фуқаролари ташкил қилади. Учрашув давомида Туризм ва спорт вазири Ермек Маржиқпаев Хитой, Эрон, Россиянинг тегишли вазирлари билан мулоқотда бўлди. Россиянинг Спорт вазири Михаил Дегтярев билан икки томонлама музокаралар давомида спорт фанларини ривожлантириш борасида ўзаро ҳамкорлик муҳокама қилинди. Эроннинг Спорт вазири билан ушбу соҳада, шу жумладан, ёш спортчиларни тайёрлашда, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласи кўтарилди. Хитойлик ҳамкасби Гао Джидань билан 2025 йилда ўтказиладиган Қишки Осиё ўйинлари муҳокама қилинди. ШҲТ учрашуви якуни ҳужжати сифатида 2024-2025 йилларда туризм соҳасида қўшма фаолияти чоралари режаси имзоланди.
Ермек Маржиқпаев, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири:
– Жорий йилнинг 8-13 сентябрь кунлари мамлакатимизда Бешинчи Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ўтказилишини эсалатаман. Бу – жуда катта туристик тадбир, мамлакатимиз пойтахтига 100 минг нафар турист келиши кутиляпти. Барчангизни Астанага ташриф буюриб, ушбу ўзига хос лойиҳанинг рўёбга чиқарилишини кузатишга таклиф қиламан.