Қозоғистонда Сенат депутатлигига номзодлар кўрсатиляпти. Парламент юқори палатасига сайловлар 2023 йил 14 январда ўтказилади. 14 декабрь куни ҳужжат қабул қилиш, 24 декабрда номзодларни рўйхатга олиш яунига етади. Сўнгра сайловолди тарғиботи бошланади. Номзодлар Қозоғистон фуқароси бўлиши, мамлакат ҳудудида сўнгги 10 йил давомида, номзоди кўрсатилган минтақада камида уч йил муқим яшаши, олий маълумотга эга бўлиши ва камида беш йиллик иш стажига эга бўлиши; камида 30 ёшга тўлиши шарт. Сенат депутатлигига сайлов сайловчилар қўшма йиғилишларида ўтказилади. Унда қатнашганларнинг 50 фоизи овоз берган тақдирда сайлов бўлиб ўтган ҳисобланади. Таъкидлаш лозимки, сенат сайловларида ўзгаришлар ҳам бор. Парламент юқори палатасидаги Президент квотаси 15 дан 10 депутатгача қисқарди, шундан бештасини Қозоғистон халқи Ассамблеяси тавсия этади.
МАНАРБЕК САДУОВ, ВИЛОЯТ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ РАИСИ:
- Барча ҳужжатлар рўйхатдан ўтгач гувоҳнома топширамиз ва 7 кун ичида оммвий ахборот воситаларида номзодлар тўғрисида маълумотни эълон қилишимиз зарур. Бу – билвосита сайлов. Овоз бериш 14 январда ўтказилади. Вилоят сайлов комиссияси, яъни биз, участка сайлов комиссияси вазифасини бажарамиз.
ҒАЙСА ҚАПАҚОВ, ҒАРБИЙ ҚОЗОҒИСТОН ВИЛОЯТИ БЎЙИЧА ҲУДУДИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ РАИСИ:
- Барча тайёргарлик ишлари ўтказилган. Ҳар бир номзод ишончли вакиллари рўйхатини берди. Биз уларни тасдиқладик. Режага кўра белгиланган тадбирлар 100 фоиз ўз вақтида бажариляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси