Сенат сайловлари натижалари чиқарилди

Сенат сайловлари натижалари чиқарилди

Ҳар бир минтақадан биттадан, жами 20 нафар фуқаро Парламент юқори палатасига ўтди. Марказий Сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдиров таъкидлашича, сайловларда муқобиллик тамойилига риоя этилди ва рақобат кучли бўлди. Бир ўринга ўртача 6 номзоддан тўғри келди. Республикада жами 130 та номзод кўрсатилган. 55 нафари бюллетенга киритилган.

Нурлан Абдиров, Қозоғистон Республикаси марказий сайлов комиссияси раиси:

- Сенат сайловларида номзодлар ва ғалаба қозонганларнинг кўпчилиги ўзини-ўзи кўрсатганлардан иборат. Бу эса фуқаролар жамиятида сиёсатга қизиқиш ортаётганини кўрсатади. Ҳудудий сайлов комиссиялари маълум қилишича, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг 2 минг 904 нафари, яъни 91,7 фоизи иштирок этди.

Константин Петров, Қозоғистон Республикаси марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари:

- Сайловлар Қозоғистоннинг 17 вилояти, Астана, Алмати ва Чимкент шаҳарларида бўлиб ўтди. Сайловчилар рўйхатидан жами 3 минг 167 нафар барча даражадаги маслихатлар депутатлари жой олган. Сайлов бюллетенларига 55 нафар номзод киритилди. Вилоятлар, Астана, Алмати ва Чимкент шаҳарлари сайлов комиссиялари протоколлари асосида 50 фоиздан зиёд овоз тўплангани аниқланди ва депутатлар сайланди, деб ҳисобланди.

Марказий Сайлов Комиссиясида таъкидлашларича, сайлов жараёнини номзодларнинг ишончли шахслари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, нотижорат ташкилотлар вакиллари кузатиб борган. Онлайн тартибда ишлаган МСК интернет-сайти орқали барча истовчилар вазиятни кузатиб бориш имконига эга бўлди.

Абдумалик Сарманов таржимаси