2024 йилда Қозоғистон ва Покистон ўртасидаги
ҳамкорликни кенгайтириш кўзланган. Энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада. Бунинг учун томонлар мамлакатлар транспорт бошқармалари ва логистика компаниялари
ўртасидаги шерикликни кучайтиришни режа қилган. Қозоғистоннинг Покистондаги элчиси Silk
Way телеканалига берган интервьюсида тарафларнинг ўзаро алоқасидаги
имконият ва истиқболлар тўғрисида сўзлаб берди. Ержан Қистафин
таъкидлагани каби, Покистон бозори республикамиз учун катта қизиқиш уйғотади. Ушбу давлат аҳолиси деярли 250 миллион кишидан иборат эканлиги ҳисобга олинса, мамлакатимиздан у ерга агросаноат мажмуаси
маҳсулотларини катта ҳажмда етказиш мумкин. Айни пайтда,
Покистон билан савдо алоқаларини яхшилаш орқали Қозоғистон Жанубий-Шарқий Африка давлатлари бозорига чиқиш йўлига эга бўлади. Умуман, республикамиз Покистонга 21 миллион доллар қийматга эга 40 турдаги маҳсулот етказишга тайёр.
Ержан Қистафин, Қозоғистоннинг Покистондаги элчиси:
- Бу ҳолатда гап қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари борасида
кетмоқда, шунингдек,
машинасозлик маҳсулотлари кўзда тутилган, бундан ташқари,
Покистон бозорига энергия захираларини етказиб бериш тўғрисида музокаралар олиб
боряпмиз. Қозоғистон ва
Покистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни равнақ топтириш учун, энг аввало, самарали транспорт-логистика тизими барпо этилиши лозим.
Давлатлар сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар
алоқаларни йўлга қўйишда давом этишни кўзлаган. Жорий йилда республикамизга Покистон Миллий ассамблеяси делегацияси жавоб ташрифи билан келиши кутиляпти. Шунингдек, Покистон ҳукумати раҳбарияти Астанада
бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида иштирок этиши режалаштирилган. Ўз навбатида, Бош вазир бошчилигидаги Қозоғистон делегацияси Исломободда бўлади, мазкур шаҳарда ШҲТ ҳукумат бошлиқлари йиғилиши ўтказилади.
Ержан Қистафин, Қозоғистоннинг Покистондаги элчиси:
- Ушбу кўп
томонлама тадбирлар доирасида биз икки томонлама кун тартибини, мамлакатларимиз раҳбарлари даражасидаги икки
томонлама учрашувни кутмоқдамиз. Маданий-гуманитар
ҳамкорликни ривожлантириш доирасида, шуни айтишни истардимки, яқинда буюк шоиримиз Абайнинг “Қора сўзлар” асарини
Покистон провинциялари тилларига таржимасини якунига етказдик. Бундан ташқари, йил давомида
Қозоқ Миллий унвиерситети, Исломободда жойлашган Замонавий тиллар университети
ўртасида сўзлашгич яратиш бўйича фаол ҳамкорлик олиб борилди. Қозоқча-урдуча-инглизча сўзлашгич тузиш борасидаги иш якунланди. Қолаверса, олий ўқув юртлари
орасида шериклик фаол ривожланяпти.
Хуршида Абдуллаева таржимаси.