Сенат референдум тўғрисида қонун лойиҳасини Мажилисга қайтарди

Сенат референдум тўғрисида қонун  лойиҳасини Мажилисга қайтарди

Сенат депутатлари республика референдуми тўғрисида қонун лойиҳасига ўзгаришлар киритди. Ҳужжат Мажилисга қайтарилди. Қонун лойиҳасининг аввалги шаклида Биринчи Президент мақомига боғлиқ масалалар республика референдумида кўрилиши мумкин эмас эди. Қонун лойиҳасидан бу меъёрни олиб ташлаш таклиф қилинди. Сенат таҳриридан кейин фақат мамлакат мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, унинг фаолияти асосий тамойиллари, бошқарув шакли каби масалалар референдумда ҳал қилиниши мумкин эмаслиги кўрсатилди.  

Лаззат Сулеймен, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Депутати:

- Мажилис «Референдум тўғрисида» қонун лойиҳасини кўриб чиқади. Учинчи моддада референдумга қўйилиши мумкин бўлмаган масалалар рўйхати қўйилган. Унинг биринчи президент мақомига боғлиқ қисми олиб ташланади.  Бошқа кўрсатилган асослар ўз ўрнида қолдирилади.

Қозоғистон Марказий Сайлов комиссияси аъзоси Шавкат Утемисов  бўлажак референдум ва овоз бериш тартиби ҳақида гапирди. Жараён одатдаги шаклда ўтади. Овоз бериш учун сайловчилар ўз участкасига келиши ва бюллетень тўлдириши зарур. 

Шавкат Утемисов, Қозоғистон Республикаси марказий сайлов комиссияси аъзоси:

- Агар референдумда иштирок этганларнинг 50 фоизидан кўпроғи ўзгаришларни маъқулласа, ўзгаришлар қабул қилинган ҳисобланади. Ҳозир қатор ишлар амалга ошириляпти. Бошқа давлатлардан ҳам кузатувчилар ташриф буюриш истагини билдирди. Яъни, жараёнда маҳаллий ва халқаро кузатувчилар қатнашади. Ҳар бир халқаро кузатувчи ўзи учун участка танлаб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мажилис Сенат таклиф этган ўзгаришларни қабул қилса, лойиҳа давлат раҳбарига юборилади.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.