Президент чемпион боксчиларни мукофотлади

Президент чемпион боксчиларни мукофотлади

Бокс бўйича дунё чемпионати ғолиблари Ақўрдада қабул қилинди. Эслатамиз, Ливерпулда бўлиб ўтган спорт биринчилигида Қозоғистон 68 та давлат ичида жамоа ҳисобида пешқадамликка эришди. 10 та соврин  қаторида Санжар Ташкенбай, Махмуд Сабирхан, Тўрехан Сабирхан, Айбек Ўралбай, Алуа Балқибекова, Аида Абикеева, Наталья Богданова, Назим Қизайбай, Виктория Графеева ва Елдана Талипова олган 7 та олтин медаль ҳам бор. Президент спортчилар ғалабасини «тарихий» натижа, деб баҳолади. У жаҳон чемпионати натижаси миллий жамоанинг аҳиллиги, ҳамжиҳатликда иш юритгани натижаси эканлигини таъкидлаб ўтди. Лекин бўшашмаслик керак, олдинда Лос-Анжелес Олимпиада ўйинлари бор, деди Давлат раҳбари. Қозоғистон аҳли спортчиларга умид кўзи билан қараяпти.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти: 

– Халқаро саҳнада мамлакат нуфузини муҳофаза қилиш ҳам шараф, ҳам масъулият. Ғалабаларингиз ёшларни руҳлантиради. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакат спортчилари миллат саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Чемпион  бўлиш – ватан шуҳратини ошириш дегани. Демак, спортчилар халқимизнинг обрўси, улар давлатнинг нуфузини дунёга намойиш қилади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, мамлакатда спорт билан шуғулланиш учун ҳамма шарт-шароит яратилган, инфратузилмаларни яхшилашга катта эътибор бериляпти. Барча минтақаларда, шу жумладан, қишлоқларда, янги спорт заллари, болалар ва ёшлар учун мажмуалар ва секциялар очиляпти.  Жорий йилда Спорт Миллий университети иш бошлади. Юксак ютуқлари учун Қозоғистон Президент боксчилар ва уларнинг тренерларига давлат мукофотлари топширди.


Абдумалик Сарманов таржимаси