Германияда Қозоғистон дипломатияси фаолиятининг 30 йиллигига бағишланган ғаройиб флешмоб ўтказилди. Қозоғистон дипломатлари Берлиннинг марказий кўчалари бўйлаб югурди. Унда мамлакатимиз элчихонаси ходимлари ва Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари қатнашди. Маълумки, Қозоғистон ташқи сиёсатининг асосини ташкил қилган кўп томонлама дипломатия фаол ишлашда давом этяпти. 30 йил мобайнида республика жаҳоннинг 186 давлати билан яқин муносабат ўрнатди. Дипломатлар турли давлатлар ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш устида фаол иш олиб бормоқда. Бу акция, иштирокчилар таъкидлашича, мамлакат равнақи учун фаолият юритишда соғлом турмуш тарзи нақадар муҳимлигини кўрсатади.
Мейрам Жумағулов, Қозоғистон Республикаси халқаро ҳуқуқ департаменти раҳбари:
- Ташқи сиёсат – давлат фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири. Дипломатлар воситасида Қозоғистоннинг ташқи дунё билан алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзингизга маълум, жорий йилда дипломатик хизмат иш бошлаганига 30 йил тўлади. Фикримча, спорт фақат дипломатлар эмас, ҳар бир одамнинг ҳаёти учун муҳим. Лекин спорт ва дипломатияни уйғунлаштириш самарали. Ўзингиз ҳам спорт дипломатияси иборасини эшитгансиз, у азалдан, қадим замонлардан буён одамларни бирлаштирган. Спорт – тинчлик элчиси.
Абдумалик Сарманов таржимаси