Қозоғистонда январь воқеаларининг бир ярим мингга яқин иштирокчисига амнистия берилади. Бугун Сенат депутатлари тегишли қонунни маъқуллади. Ҳужжат қозоғистонликларни кичик ва ўрта оғирликдаги жиноятлар ва жиноий хатти-ҳаракатлар учун жазодан озод қилишни кўзда тутади. Шу турдаги жиноятлар учун муддатни ўтаганлардан судланганлик тамғаси олиб ташланади. Ўта оғир ва оғир жиноятларни амалга оширганлар учун озодликдан маҳрум этиш муддати қисқартирилиши кўзда тутилган. Ўта оғир жиноят учун тўртдан бирга, оғир жиноят учун эса тенг ярмига. Якуний қарорни суд ҳар бир одамга нисбатан индивидуал тарзда қабул қилади. Бундан ташқари, қонунда озод қилинган шахсларнинг қайта жамиятга мослашуви – ишга жойлашиш, тиббий ёрдам олиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш ҳам эътиборга олинган. Шу билан бирга, Парламент Юқори палатасида таъкидлангани каби, террорчилар, экстремистлар, тартибсизликлар ташкилотчиларига амнистия берилмайди.
Лаззат Сулеймен, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати депутати:
- Бу чорани оқлайдиган ҳукм сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Бу - амнистия. Ва ушбу қонун лойиҳаси Президент топшириғига кўра жиноий хатти-ҳаракатни амалга оширган январь воқеалари иштирокчилари учун ишлаб чиқилди. Мазкур чорага давлат ва жамият томонидан кўрсатилган инсонпарварлик белгиси сифатида қараймиз. Қонунда амнистия қўлланишига доир аниқ меъёр, шарт ва тартиб кўрсатиб берилган. Жумладан, озод қилинган шахсларнинг келгуси ижтимоий мослашуви ҳам. Бунга ишга жойлашиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқа кўплаб жиҳатлар киради.
Хуршида Абдуллаева таржимаси