Қозоғистон пойтахтида
Ғалаба кунини нишонлаш доирасида уруш қаҳрамонлари ёдгорликларига гулчамбарлар
қўйилди. Бош
вазир Ўлжас Бектенов машҳур учувчи, икки марта Совет Иттифоқи
қаҳрамони, Халқ Қаҳрамони Талғат
Бегельдиновни хотирлади. У фронтда 305 та жанговар парвозни амалга оширган,
еттита душман самолётини уриб туширган. Урушдан кейин Ҳарбий ҳаво кучларида
хизматни давом эттирди, сўнгра фуқаро авиациясида ишлади.
Сенат раиси Маулен Ашимбаев Совет Иттифоқи
қаҳрамони Маншук Маметова ёдгорлигига
гулчамбар қўйди, осмонимиз тинчлигиги, озодлигимиз учун жон фидо қилганлар
хотирасига бир дақиқа сукут сақлади. Тадбирда фахрийлар ташкилотлари ва куч
ишлатувчи идоралар вакиллари, депутатлар ҳам қатнашди. Мажилис
раиси Ерлан Қўшанов эса Бауржан Мўмишули
ёдгорлигига гулчамбар қўйди. Тадбир
машҳур лашкарбоши номи берилган шоҳкўчада ўтказилди. Совет Иттифоқи
қаҳрамони 316-ўқчи дивизия таркибида жанг қилган, полк ва дивизияга
раҳбарлик қилган. 2008 йилда Астанада қаҳрамон ёдгорлиги очилган.
Буюк Ғалабанинг 80 йиллигига
бағишланган тадбирлар доирасида Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин Совет Иттифоқи
қаҳрамони Алия Мўлдағулова
мемориалига гулчамбар қўйди. Таъкидлаш
лозимки, жорий
йилда жасур қизнинг 100 йиллиги нишонланяпти. Мамлакатда
кўплаб юбилей тадбирлари ўтказиляпти. Маросимда Миллий қурултой ва Ёшлар
сиёсати кенгаши аъзолари ҳам иштирок этди.
Президент девони раҳбари Айбек Дадебай Халқ Қаҳрамони, Рейхстагга биринчи бўлиб байроқ тиккан ботир Рахимжан Қўшқарбаев ёдгорлигини
зиёрат қилди. У
урушда жон берган барча қозоғистонлик аскарларни ёд этди, тарихий
хотирани, қаҳрамонлар меросини унутмаслик кераклигини таъкидлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

