Сарматлар даврига оид ноёб ёдгорликлар топилди

Сарматлар даврига оид ноёб ёдгорликлар топилди

Ақтўбе яқинида археологлар сарматлар даврига оид дафиналар топди. Тахминан эрамиздан аввалги VI-V асрга оид қўрғонда бир қанча топилмалар қўлга киритилди. Жами тўққизта қабр аниқланди, уларда 20 одам хоки ва маиший турмуш буюмлари топилди. Улар қаторида олтин ва бронзадан ишланган тақинчоқлар, от анжомлари, қилич ва ханжарлар бор.

Аслан Мамедов, Вилоят тарих-ўлкашунослик музейи катта илмий ходими:

- Топилган буюмларга қараб Ғарбий Қозоғистон ҳудудида бронзадан буюм ясаш ишлари юқори даражада ривожланганини тушуниш мумкин. Бу ерда пайконларнинг бронза учлари топилди. Улар жуда хилма-хил. Акинак деб аталган қисқа қиличлар ёки ханжарлар, узун қиличлар бор. Узун қиличлар мавжудлиги жанг санъати ривожланганини кўрсатади. Қурбонлик тошлари бор. Уларнинг оёқлари қобон, бўри ва бошқалар боши шаклида ясалган. Бу ҳам Ғарбий Қозоғистон ҳудудида тоштарошлик ишлари яхши ривожланганини кўрсатади.

Қабила мозори қуёш кўринишида ясалган. Археологлар хулосасига кўра, бу жойда сармат даврининг жангчи ва аслзодалари дафн этилган.

Мейрам Дуйсенғали, Вилоят тарих-ўлкашунослик музейи директори:

- Ёзма манбаларга асосланган ҳолда биз сармат қабилалари бу ҳудудни эрамиздан аввалги 6-асрда ўзлаштирганини аниқладик. Қабрларда 5 тагача нарса бор. Ҳозир биз лаборатория шароитларида иш олиб боряпмиз, тозалаб, инвентар рақами берамиз.

Ноёб экспонатлар топилган некрополь атрофида яна бешта қўрғон бор. Келгуси йилда олимлар уларни текшириш билан шуғулланади.

Абдумалик Сарманов таржимаси