Қирғизистонда камалакранг тоғ - Сари-Тоо тобора
машҳур бўлиб бормоқда. Бу ердаги манзаралар ва қизил-сариқдан яшил-кўккача
бўлган ёрқин туслар, шунингдек, археологик топилмалар бутун дунёдан сайёҳ ва
олимларни ўзига жалб қилаётир. Ноодатий ранглар жамланмаси – чўкинди жинслар, метаморфик
ва вулқон моддалари туфайли. Геологлар бу масканни очиқ осмон остидаги музей деб атайди. Бу Марказий Осиёнинг энг қадимий формацияларидан бири бўлиб,
ёши 240 миллион йилдан
ошади.
Лада
Хасанова, Буюк Ипак Йўли маданий мероси бўйича гид:
- Бу Ер юзидаги
ноёб жойлардан бири, бу ерда битта нуқтада туриб, сайёрамизнинг бутун геологик ўтмишидан
бохабар бўлишимиз мумкин. Нималарни кўрса бўлади? Бу ерда хушманзара қоялар бор, у қадар юксак эмас, турфа тусда товланади,
бу қадимий палеонтологик Фарғона
денгизининг туби.
Сари-Тоо тоғи Мадиген геопаркига киради. Парк саккиз минг
гектардан ошиқроқ майдонни эгаллаган ва расман табиат
ёдгорлиги деб тан олинган. Бу ерда халқаро
экспедициялар ўтказилади, қизиқарли экойўналишлар ташкил этилади. Кузатув майдончалари пайдо бўлди, сайёҳлар учун инфратузилма ривожланмоқда.
Ханс
Шульц, сайёҳ, Янги Зеландия:
- Жуда гўзал. Менга бу ер ёқди. Бу ерда ҳамма нарса бор. Тоғ бор, ўрмон ҳам, қишлоқ
хўжалиги мавжуд, геологик жойлар бор, ўтмиш билан алоқа бор жой жуда чиройли бўлади.
Қирғизистоннинг Баткен вилоятидаги айрим тоғларда қизиқарли топилмалар
учрайди.
Масалан, ёши миллион йилдан ошадиган денгиз моллюскалари қобиғи. Геологлар фикрича, сув сатҳи ёки ҳарорат кескин ўзгарганидан кейин улар
оммавий равишда қирилиб кетган, чиғаноқлари эса тубга чўкиб, бўлғуси тоғ қатламларини
ҳосил қилган. Дарвоқе, айни пайтда Мадигенни ЮНЕСКО Глобал геопарклари тармоғига киритиш учун ариза
беришга тараддуд кетмоқда. Ушбу мақом
Қирғизистоннинг геомерос жаҳон харитасидан расман жой олишига имконият яратади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

