Қозоғистоннинг Улитау вилоятида биринчи шамол электростанциси бунёд этилади. Қуввати 100 мегаватт бўлган ТЭМ объектига 16 шамол турбинаси ўрнатилади. У Жезқазған ва Сатпаев шаҳарлари орасида қурилади. Ажратилган ер участкасида ускуналар ўрнатиш учун майдончалар тайёрланяпти. Генераторлар ишлаб чиқарган электроэнергия подстанцияга юборилади ва у мамлакатнинг ягона энергетика тизимига киради. Лойиҳани рўёбга чиқаришда қозоғистонлик ва хитойлик инвесторлар қатнашяпти. Объект йил охиригача ишга тушиши кутиляпти.
Алмат Саухимов, Сатпаев шаҳри ҳокими:
– Инвестициявий лойиҳа Сатпаев шаҳри яқинидаги Никольский 1 станцияси яқинида бунёд этилади. Унинг қиймати 24 ярим миллиард тенге. Ишлаб чиқилган энергия Қозоғистоннинг ягона энергетика тизимига тушади.
Таъкидлаш лозимки, минтақада яна битта энергетика объекти қурилиши режалаштирилган. Келгуси йилда қуввати 1 гигаватт бўлган шамол электростанциси бунёд этилади. Қурилиш учун 20 гектар ер ажратилган. Умуман олганда, 2024 йилнинг биринчи ярмида электроэнергия ишлаб чиқаришда ТЭМ улуши 6 ярим фоизни ташкил қилди. Ҳозир республикада 148 та муқобил энергетика объекти бор. Улардан 59 таси шамол, 46 таси қуёш, 40 таси сув ва 3 таси биогаз ёрдамида электр қуввати чиқаради. Келажакда яна 50 та ТЭМ лойиҳаси ишга туширилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.