Сарайшиқда қадимий мақбаранинг хилхонаси аниқланди

Сарайшиқ музей-қўриқхонасидаги қадимий мақбара хилхона йўлаги аниқланди. Объект XV–XVI асрларда пишган ғиштдан ясалган. Мақбара гумбази бузилиб кетган бўлса ҳам ёпиқ йўлак асл ҳолида сақланиб қолган. Дромос узунлиги -  170 сантиметр, баландлиги — 60 сантиметр. Айни вақтда, йўлакнинг фақат бир қисмини қазишга улгуришди. 

Амангельди Заинов, археолог:

– Сарайшиқда аввал ҳам бунга ўхшаш мақбаралар топилган. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳаддан зиёд вайрон бўлганди. Бу мақбарада эса дромос тўлиқ сақлаб қолинган. Дастлабки тахминларимизга кўра, унда жамиятда юксак мавқега эга одамлар, аслзодалар дафн этилган бўлиши мумкин.

Археологлар унинг уч қисмида қазиш ишлари олиб боришди. Улардан бирида йўлак билан уланган катта хилхона чиқди.

Ерасил Ўмирбек, талаба:

– Мен мақбара кираверишида турибман. Таъкидлаш лозимки, қурилишда қизил ва сариқ пишган ғишт ишлатилган. Сариқ ғиштлар Олтин Ўрдада қадимдан бор эди, қизил ғиштни эса қурилиш блокларини куйдириб тайёрлашган бўлишлари мумкин. Бундай объект Сарайшиқда йўқ ҳисоби. 

Топилган бошқа артефактлар ҳам объектнинг муҳимлигидан далолат беради. Дромоснинг жанубий қисмида хўжалик биноси топилди. Сопол кўзалар, турли тақинчоқлар ва ўрта асрларга хос декоратив маҳсулотлар, мис тангалар топилди. Археологик объект диққат билан тадқиқ этилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.