«Лазги» спектакли - «Астана Опера» саҳнасида

«Лазги» спектакли - «Астана Опера» саҳнасида

Астана Бутунжаҳон театр кунини «Лазги. Қалб ва севги рақси» спектакли билан нишонлади. Асарни пойтахтимизга Ўзбекистон Миллий балети олиб келган. Таниқли немис хореографи Рауль Раймондо Ребека яратган ушбу асар ўзбек миллий рақси, академик хореография ва замонавий саҳна технологиялари симбиозини ўзида жамлаган. Халқона мотивлар ва электрон оҳанглар бирлашиб кетган мусиқа жўрлиги ҳам ўзига хос муҳитни юзага келтирган. Постановканинг ўзига хослиги шундаки, балериналар аниқ бир персонажларни эмас, балки туйғуларнинг ўзини ифодалайди. Асосий мақсад оддий: биз қайси даврда яшамайлик, севги ва қалб абадий. Спектакль бир неча йилдан бери дунё бўйлаб саёҳат қилмоқда ва Дубай, Истамбул, Париж, Москва, Пекин ва Лондон томошабинларини мафтун қилиб улгурди. Айтиш керак, қадимий лазги рақси ЮНЕСКО нинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

Нодира Ҳамроева, Ўзбекистон Республикасида Хизмат кўрсатган артист:

- Дарҳақиқат, Ўзбекистон ўз рақс маданияти билан донг таратган, ҳар бир минтақамизда турлича рақс услуби мавжуд. Аммо лазги энг кўҳна, айни пайтда, энг техник рақс тури саналади. Яъни у техникага, айланиш, трюкларга жуда бой, хотин-қизлар буни бажариши мушкул. Шу билан бирга, ўта латофатлилигича қолади, кўзни қувнатади,  кайфиятни кўтаради.

Элмира Юсупова, Алишер Навоий номидаги Давлат Катта академик театри етакчи яккахони:

- Ушбу спектакль лазги рақси қандай пайдо бўлганини кўрсатиб беради, бу миллий бойлик эканлигини, фақат Ўзбекистоннинг эмас, барча-барчаники эканлиги, абадийлигини таъкидлайди. Негаки, сюжет ўтмиш, ҳозир ва келажак бўйлаб ўтади. Келажакда нима рўй бермасин, ҳаётимизга қандай янгиликлар кириб келмасин, лазги лазги бўлиб қолаверади. Фикримча, Ўзбекистон ёки Қозоғистоннинг исталган миллий бойлиги ҳаммамизга тегишли, доимо биз билан.

Абдумалик Сарманов таржимаси