Айниқса, қуроқ буюмларга талаб катта. Қозоқ халқи учун қуроқнинг аҳамияти катта, дейди Атирау вилоятида бу ҳунарни асраб-авайлаб келаётган чеварлар. Улар таъкидлашича, қуроқ кўрпани кўнгилдагидек тикиш учун сабр ва фантазия керак. Ўтмишда ҳар бир қизнинг сепида қуроқ кўрпа бўлган. «Қуроқ» сўзининг «боғланиш» деган яна бир маъноси бор. Ҳаётда никоҳ орқали турли уруғлар, оилалар бирлашади. Қуроқ буюмлар эса оила мустаҳкамлиги ва фаровонлик рамзи ҳамда кафолати ҳисобланган.
Қалампир Кулмуратова, чевар:
– Қуроқ буюмлар тикишни болалигимда ўрганганман, ҳамма иш қўл билан бажариларди. Чунки тикув машиналари танқис бўлган, ўзимиз эплашимизга тўғри келарди. Бу ҳунарнинг сирларини менга онам ўргатган. У жуда чевар эди. энди ундан ўрганган нарсаларимни ёшларга ўргатиш билан машғулман.
Кекса авлод ҳунар сирларини бажонудил ўргатяпти. Миллий ўзига хосликни асраб-авайлаб келаётган аёллар йиллар давомида ўзлаштирилган бу ҳунарнинг мураккаб усулларини, техникасини кўрсатиб беради. Ҳатто мастер-класслар ташкил қилишади. Талабаларни таклиф этишади. Шогирдлардан бири – Гульсезим Жумагул.
Гульсезим Жумагул, талаба:
- Келажакда ўз бизнесимни очишни, дизайнер бўлиш, модель яратишни истайман. Бугунги дарслар қуроқ тикиш билан боғлиқ бўлган янги билим, ғоялар беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси