Қозоғистонда Очиқ осмон тартиби беш йилга узайтирилди. У мамлакатнинг 13 ҳаво дарвозасида амалда бўлади. Авваллари мазкур тадбир Астана, Алмати, Тароз, Чимкент, Ақтау, Семей, Қарағанди, Ўскемен, Павлодар, Петропавловск, Кўкшетау ва Туркистон шаҳарларида ишларди. Эндиликда Алия Мўлдағулова номли Ақтўбе халқаро аэропорти ҳам янгича тартибда ишлай бошлайди. Экспертлар фикрича, бу қарор хорижий авиакомпанияларни жалб этиш, рақобатни кучайтириш ҳамда янги халқаро йўналишлар очилиши учун қулай. Натижада, авиабилет нархи ҳам бир мунча пасаяди. Очиқ осмон тартиби хорижий авиакомпаниялар учун беш даражали «ҳаво эркинлиги» беради ва рейслар сонига чекловларни олиб ташлайди. Шу жумладан, Қозоғистон авиакомпаниялари ишлаётган йўналишларда ҳам. Бу тартиб амал қилиш муддати узайтирилиши, тегишли ташкилот мутахассислари фикрича, мамлакат транзит салоҳиятини кенгайтиради.
Тимур Тлегенов, Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги фуқаро авиацияси қўмитаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи:
- Янги халқаро йўналишлар очилиши, очиқ осмон тартиби жорий этилиши транзит салоҳиятини кенгайтиради. Пандемиягача бир миллион нафарга яқин йўловчи транзит рейслар воситасида Қозоғистон орқали учиб ўтди. Бу – 2019 йил якунларига кўра. Афсуски, пандемия сабабли бу рақам анча камайди. Эпидемиологик вазият яхшиланиши ва очиқ осмон бўйича янгиликлар жорий этилиши оқибатида ҳаво транспорти соҳасида аввалги кўрсаткичларга етишга, уларни янада яхшилашга умид қиламиз.
Таъкидлаш лозимки, ҳаво транспортидан фойдаланган йўловчилар сони бўйича ўтган йили Қозоғистонда рекорд кўрсаткич кузатилди. 11 ойда салкам 10 миллион одам парвоз қилган. Аналитиклар прогнозига кўра, сўнгги ойда яна 800 минг нафар йўловчи самолётдан фойдаланган.
Абдумалик Сарманов таржимаси