Сайлов-2022: Овоз бериш давом этмоқда

Сайлов-2022: Овоз бериш давом этмоқда

Қозоғистонликлар бугун ўз фуқаролик позициясини ўта фаол намойиш қилмоқда. Мамлакат минтақаларидан олинган маълумотлар шундан гувоҳлик беради. 

Алматида 98 ёшли аёл овоз беришда қатнашди. Александра Полянская умри мобайнида бирор марта ҳам сайловда қатнашмай қолмаган. Ногиронлар аравачасида ўтирганига қарамай, ўз участкасига овоз бериш учун келди. Қозоғистонлик театр ва кино актёри Асанали Ашимов ҳам давлат учун муҳим тадбирдан четда қолмади. Айтишига қараганда, сайловда иштирок этиш республикамизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётига оид ўз фикр ва позициясини ифода этиш имкони.

Асанали Ашимов, Қозоғистон Республикаси меҳнат қаҳрамони:

- Мен халқимнинг ёрқин келажаги учун, ўсиб келаётган авлод учун овоз бердим. Давлат фақат халқ фаровонлигини яхшилабгина, равнақ топади. Тўкинчилик бўлса, ҳамма нарса бўлади. Бу - биринчидан. Иккинчидан, фан, таълим ва маданият биринчи ўринда туриши, риводланиши керак.

Чимкентда аҳамиятли сиёсий тадбир қўшиқ ва рақслар билан ўтмоқда. Республикадаги учинчи мегаполиснинг деярли ҳар битта участкасида сизни бўғирсоқ ва ширинлик билан қарши олишади. Бу ерда жами бўлиб,  311 та пункт ишлаб турибди, улардан 293 таси алоҳида эҳтиёжга эга шахслар учун махсус жиҳозланган. Илк маротаба овоз бериш учун келаётган кекса сайловчилар ҳам эътибордан четда қолмайди. Уларга эсдалик совғалари ва сувенирлар ҳадя қилинмоқда.

Жандаулет Туймен, Чимкент шаҳридан:

- Куни кеча 18 га тўлдим, сайловга келиб, овоз бердим. Мамлакатимизга равнақ тилайман!

Ақтўбе вилоятида 517  та овоз бериш пункти фаолият юритмоқда. Улардан учтаси Муғалжар туманидаги нефтчилар посёлкаси ҳамда 6655-ҳарбий қисмда ташкил этилган. Яна 15 та участка ёпиқ тартибди ишлаяпти.

Нурлибек Жусипов, вилоят сайлов комиссияси раиси: 

- Юқорида айтилган 15 та участкада овоз бериш муддатидан олдин, яъни соат 21 га қадар тугалланиши мумкин, чунки «Қозоғистон Республикасида сайловлар тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, мазкур участкадаги сайловчилар рўйхати овоз бериш кунига беш кун қолганида тузилади, овоз бериш санасида 100 фоиз сайловчи овоз берса, ушбу  участкада якун чиқарилиши мумкин.

Таъкидлаймиз, минтақалардаги электорал жараённи халқаро кузатувчилар, номзодларнинг ишончли вакиллари, шунингдек, жамоат фондлари ва ноҳукумат ташкилотлар аъзолари кузатиб борди.

Абдумалик Сарманов таржимаси