Қозоғистон Парламенти Марокаш шартномасига қўшилишни маъқуллади

Қозоғистон Парламенти Марокаш шартномасига қўшилишни маъқуллади

Қозоғистонда кўриш қобилияти сусайганлар учун китоб ўқишимконияти оширилади. Республика Сенати Марокаш шартномасини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. У кўзи ожизларга мўлжалланган форматдаги бадиий асарлар ва таълим материалларини айирбошлаш имконини беради. Буларга Брайль шрифтида ёзилган, аудиоформатга ўтказилган ва йирик шрифтдаги асарлар киради. Маданият вазирлиги маълум қилишича, қонун кучга кирганидан кейин мамлакатдаги кўзи ожиз одамларга мўлжалланган кутубхона жамғармаси анча кенгаяди. Бундай даргоҳлар сони бир неча марта ортади. Республикада 17 та кутубхона ва 142 та кутубхона пункти мавжуд. Жамғармада жами бир миллион нусхадан зиёд китоб бор, улардан 200 мингтаси Брайль шрифтида ёзилган.

Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси:

- Имкониятлари чекланган фуқаролар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва инклюзив муҳит яратиш мамлакатда рўёбга чиқарилаётган устувор йўналишлардан бири. Шунга кўра, кўриб чиқилаётган шартнома бандлари кўзи ожиз одамларнинг адабий-бадиий асарлардан кенг фойдаланиши учун йўл очилишига олиб келади. Мазкур шартнома доирасида иш тутиш ваколатли органлар томонидан тегишли форматдаги асарларни чегараоша алмашиш механизмлари яратилиши кўзда тутилган.

Евгений Кочетов, Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири ўринбосари:

- Биз, албатта, бу форматдаги асарлар геометрик прогрессияда ўсишини кутяпмиз, чунки уларни олиш осонлашади. Унда тегишли механизм мавжуд. Мазкур шартномани маъқуллаган мамлакатлар консорциуми билан ўзаро маҳсулот алмашамиз. Муаллифлар шартномани ратификациялаган давлатларга адабиётларни жўнатишга рухсат беришади. Февралда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг биздаги Муаллифлик ҳуқуқлари майдончасида йиғилиш ўтказилади. Унда тегишли механизм ишлаб чиқамиз ва кутубхона тармоқлари китоб ола бошлайди.

Марокаш шартномаси 2013 йилда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти конференциясида қабул қилинган. Уни ратификация қилиш - Қозоғистоннинг инклюзив жамият йўлида ривожланиши учун муҳим қадам. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги берген маълумотга кўра, юртимизда 85 минг нафар кўзи ожиз одам яшайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.