Ўртеке қайта тикланмоқда

Ўртеке қайта тикланмоқда

Ўртеке ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича вакиллари фикрича, ушбу қозоқ анъанавий санъати алоҳида мазмунга эга. Бироқ мусиқий ижро ҳамда қўғирчоқ театрининг ўзига хос симбиози вақт ўтиши билан унутила бошланган. Қарағандида мактаб ўқувчилари ўртекега қайта ҳаёт бахш этмоқда.

Ўн ёшли Нуржас Мухаметжанов 37 нафар тенгқурлари билан бирга  Жастулек Сауғабеков устахонасига қатнайди. Бу ерда у ўртеке учун «раққос» эчкичаларни ясайди. Уларни ўз мураббийи билан бирга тайёрлайди. Битта фигурани ясашга ёш уста уч ҳафта вақт сарфлайди.

Нуржас Мухаметжанов, ўқувчи:

Уч ҳафта ичида ҳаммасини ясаб улгурдим. Шундан кейин дўмбира чалишни ўрганишим керак эди. Бунинг учун тўгаракка ёзилдим, унда шу асбобни чалишни ўргандим.

Жастулек Сауғабеков, Қўшимча таълим ўқитувчиси:

- Ўртекенинг илдизи олис ўтмишга бориб тақалади. Ижоднинг бир нечта турини ўзида бирлаштиради. Бу ҳам амалий-безак санъати, ҳам мусиқа, ҳам рақс, ҳам қўғирчоқ театри. Ўртекени, шубҳасиз, қайта тиклаш, оммалаштириш керак

Бир йўла бир нечта фигурани бошқариш ва бутун бошли театр томошасини намойиш этиш у қадар осон эмас. Болалар санъат мактаби ўқувчилари  Алибек Ўринтай ва Ислам Еркинов 40 нафар дўмбирачи орасида ўртеке йўналишини танлаган ва дуэт ҳосил қилган. Улар мўъжаз туёқчалар дўмбира оҳангига мос рақсга тушишига ҳаракат қилади.

Ислам Еркинов, 2-болалар санъат мактаби ўқувчиси:

– Менинг ўйлашимча, бу жуда қизиқарли жараён, чунки механизм ўзига хос. Дўмбира чалина бошлаши билан эчкича рақсга тушиб кетади. Дўстларим биринчи марта буни кўрганида, роса ҳайрон бўлган. Бу қандай ишлаши уларга жуда қизиқ туюлганди.

ЮНЕСКО томонидан бутунжаҳон мероси сифатида эътироф этилган ўртеке рақси фақат болалар санъат мактабларида эмас, тарихий-ўлкашунослик музейларида ҳам илгари сурилмоқда. Келаси йили музей ходимлари вилоят танловини ўтказишни режа қилган, унда кўҳна мусиқий-қўғирчоқ санъатининг барча вакиллари жам бўлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси