Розенблюм Қозоғистоннинг истиқболлари ҳақида гапирди

Розенблюм Қозоғистоннинг истиқболлари ҳақида гапирди

Қозоғистон туризм соҳаси катта салоҳиятга эга. Профессионал экспертлар ҳам, саёҳатчилар ҳам бу фактни алоҳида тилга олишади. Мамлакатда фаол, саргузашт, экологик ва ҳатто гастрономик туризмни ривожлантириш мумкин. АҚШнинг республикадаги собиқ элчиси Дэниел Розенблюмнинг таъкидлашича, миллий таом — бешбармоқ у учун кашфиёт бўлган, Америкага қайтганидан кейин ҳам ўқтин-ўқтин унинг мазасини соғиниб қолади. Таъкидлаш лозимки, Дэниел Розенблюм Қозоғистоннинг барча минтақаларига борган. У ишлаб юрган вақтида барча машҳур туристик йўналишларни, тарихий ва археологик диққатга сазовор жойларни кўриб чиққан. Дипломат «Қозоқ туризм» миллий компанияси раҳбари билан туризмга доир шахсий тажрибаларини баҳам кўрди.

Дэниел Розенблюм, АҚШнинг Қозоғистон Республикасидаги собиқ элчиси:

- Мен Қозоғистон географиясини Американикидан ҳам яхшироқ биламан шекилли. Ўтган йил кузда Уральскка борганимда ундаги олма ва узум боғларини томоша қилдим, ажойиб таассуротлар олдим. Уларни олимлар оиласи бошқарар экан, узум ва олманинг ноёб турларини етиштиришаркан. Биологик хилма-хилликни сақлаб қолишни мақсад қилишибди. Таъмини кўриш учун боққа чиқдик, меваларни шохидан узиб олдик. Нақадар мазали эканлигини таърифлаш имконсиз. Магазинда бунақасини умуман топа олмайсиз. Ўзига хос бундай жой борлигидан ҳайратда қолдим.

Абдумалик Сарманов таржимаси