Ўлжас Бектенов сув захираларидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилди

Ўлжас Бектенов сув захираларидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилди

Қозоғистон ва Европа Иттифоқи сув захираларидан фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ҳамкорлик қилади. Астанадаги мулоқот майдончасининг 14-йиғилишида Бош вазир Ўлжас Бектенов таъкидлашича, мамлакатда юз берган тошқинлар сув инфратузилмалари устида ишлаш нақадар муҳимлигини яна бир марта кўрсатди. Бугунги кунда Сув захираларини бошқариш тизимини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган. У суғориладиган ерларни кузатиб боришни яхшилаш, гидроиншоотларни модернизациялаш имконини беради.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Табиий офат кўлами ва оқибатлари сув захираларидан тўғри фойдаланиш ва келажакда бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун мутлақо янги ёндашувларни талаб қилади. Мазкур масалада Европа давлатлари ва компанияларининг тажрибаси биз учун жуда қизиқарли. Қозоғистон ҳукумати фаолияти ва Европа Иттифоқининг ёрдам дастурлари ўзаро мувофиқлаштирилиши лозим.

Нуржан Нуржигитов, Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазири:

– Давлат раҳбари топшириғига кўра, келажакда тошқинларга йўл қўймаслик, улар келтирадиган зарарни камайтириш мақсадида Сув захираларини бошқариш тизимини ривожлантириш концепцияси бандлари устида ишни давом эттиряпмиз. Самарали ёндашувлар учун илғор мамлакатларнинг, шу жумладан, Европа Иттифоқи, Нидерландиядаги илмий амалиёт, илғор тажриба ўрганилади. Имкониятларни кўриб чиқяпмиз. Бизнинг шароитда дарҳол амалга оширилиши мумкин бўлган чора-тадбирлар имкониятларини ўрганяпмиз. 

Учрашув иштирокчилари агро-озиқ-овқат миссияси доирасида амалга оширилган ҳамкорликнинг фойдасини тилга олишди. Ундан мақсад – Европа бозорларига чиқаётган Қозоғистон маҳсулоти ассортиментини кенгайтириш. Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи давлатлари орасидаги товар айланмаси 42 миллиард долларни ташкил қилди. Ўтган йили Европа давлатлари мамлакатга 10 миллиард доллар сармоя киритган.

Абдумалик Сарманов таржимаси.