Қозоқ халқ қўшиқ ва куйлари Буюк Британияда нозик санъат мухлислари учун янгради. Аида ва Азамат Жаханбек Крукерн шаҳарчасида жойлашган Сомерсет графлигида концерт берди. Туманли Альбион аҳли «Қўс Арна» дуэти ижросида Абай, Нурғиса Тлендиев асарларидан баҳра олди.
Стив Браун, томошабин:
- Шуниси қизиқки, қозоқ мусиқаси ва бизга таниш фольклор ўртасида ўхшашликни пайқадим. Масалан, ирланд чолғулари қозоқларники билан бир хилда янграши ҳайратлантиради.
Ин Трайб, «Авлиё Варфоломей черкови дўстлари» ташкилоти раиси:
- Мен илгари қозоқ мусиқачилари чиқишини кўрмагандим. Улар ўта қизиқ ва ажойиб чолғулар чалади. Ташқи шакли ҳам ноодатий. Мусиқий созлардан бири, масалан, туя терисидан ясалган.
Шунингдек, ушбу оқшомда Алатау Тамшибулақ Аткинсон шеърига басталанган «Рождество қўнғироғи» композициясининг дунёвий премьераси бўлиб ўтди. Эслатамиз, у XIX аср ўрталарида қозоқ даштида туғилган. Муаллиф – машҳур саёҳатчилар Томас ва Люси Аткинсонлар ўғли, бу жуфтлик европаликлар орасида биринчилардан бўлиб, Буюк даштни тадқиқ қилган. 125 йил аввал яратилган асар куйини эса таниқли британиялик композитор ва пианиночи Майкл Цисани-Уиллс ёзган.
Майкл Цисани-Уиллс, композитор:
- Шубҳасиз, қўшиқнинг энг муҳим қисми қозоқ санъати билан боғланган. Аида ва Азамат мени дўмбира ва жетигеннинг ҳайратомуз товуши билан таништирди. Шу тариқа, бу чолғулардан Рождество қўшиғида фойдаланишга интилдим. Натижада қозоқ, Гавайи ҳамда инглиз маданиятини жамлаган аср вужудга келди.
Таъкидлаш жоизки, Қозоғистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси томонидан тўпланган маблағ хайрия мақсадларига йўналтирилади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси