Қозоғистоннинг барча қисмларида келгуси умуммиллий референдум ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоялаш механизмларини кучайтирувчи Асосий қонунга киритилаётган ўзгаришлар муҳокама қилиняпти. Сиёсий жараённинг муҳимлиги ва Коституцияга ўзгаришларни депутатлар тушунтиряпти. Улар аҳоли билан учрашувлар ўтказяпти.
Абдали Нуралиев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Депутати:
- Давлат раҳбари таклиф этган асосий ўзгаришлардан бири – суперпрезидент бошқаруви тизимидан кучли парламентга эга президент бошқарувига ўтиш ҳисобланади. Бунга асос бор, деб ҳисоблайман. Бошқа давлатларда ҳам президентлар баъзи ваколатларини парламентга топширяпти. Бу – маъқул иш.
Умуман олганда, Конституциянинг 33 моддасига ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилади. Қўстанай вилоятида сенатор Владимир Волков прокуратура ходимлари билан учрашди. Халқ вакили таъкидлашича, минтақа аҳолисини ер муаммоси, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қизиқтиради. Бу масалаларда Конституцияга киритилаётган қўшимчалар прокуратура фаолияти тартибини белгилайди. Унинг вакиллари конституцион судда фуқаролар манфаатларини ҳимоя қила олади.
Владимир Волков, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Депутати:
- Инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли шахс ва прокуратура янгидан тузилаётган орган – конституцион судга мурожаат этиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиши мумкин. Бу жуда муҳим. Конституцион кенгаш ва конституцион суд ўртасида фарқ катта. Конституцион суд фуқаролар ҳуқуқи бузилаётгани кузатилса қонун, қонун моддаси, ҳоким чиқарган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни бекор қила олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.