Қозоғистонда туристик оқим кенгаймоқда

Қозоғистонда туристик оқим кенгаймоқда

Ақтау шаҳрида маҳаллий депутатлар мамлакатга келган хорижлик саёҳатчилардан ундириладиган пул миқдорини тасдиқлади. У шаҳарда яшаш учун сарфланган маблағнинг бир фоизини ташкил этади. Қарор 14 майдан кучга киради. Бундан олинган маблағ курорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда сайёҳлар учун турли тадбирлар ўтказишга сарфланади. Бундай тўлов жаҳоннинг қатор мамлакатларида мавжуд.

Гулмира Абишева, Ақтау шаҳар маслихати депутати:

- Грузия, Чехия, Бирлашган Араб Амирликларида шундай амалиёт мавжуд. Туристик тўлов ҳажми ҳар хил бўлиши мумкин. Каспий соҳилидаги ажойиб шаҳримизга ташриф буюрган хорижликлар меҳмонхонада яшагани учун сарфлаган маблағнинг бир фоизини ўтказиши белгилаб қўйилди.

Ёз – туризм мавсуми авжига чиқадиган палла. Минтақаларда дам олувчилар учун шарт-шароитлар йил сайин яхшиланяпти. Алакўлда сайёҳларни жалб этиш мақсадида кўл соҳилини ривожлантиришга мўлжалланган «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Унга кўра инфратузилма, экология, хавфсизликни таъминлаш ва бошқа масалалар босқичма-босқич ҳал этилади.

Айдин Каримов, Абай вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари:

- Туризм зонаси ривожланиши муносабати билан махсус Йўл харитаси ишлаб чиқилди, шу жумладан, кўл соҳилини электр қуввати билан таъминлаш, махсус канал ёрдамида ерларни қуритиш кўзда тутилган. Ёз мавсумида туристик йўналишда Алакўл сув ҳавзасига йўловчи ташуви йўлга қўйилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси